27-31 январь кунлари Ўзбекистон миқёсида криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва унга салбий таъсир кўрсатувчи шахс ва жиноий гуруҳларни аниқлаш мақсадида жами 946 та махсус тадбир ўтказилди.
Оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этишга мойил, республикадаги криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатувчи 418 нафар шахс аниқланиб, уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.
Жиноят ишлари доирасида 169 нафар шахс қамоққа олиниб, 42 та жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйилди. 399 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 270 нафари маъмурий қамоққа олинди. 109 нафар қидирувдаги шахс ушланди.
536 нафар шахс билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, 402 нафари расмий огоҳлантирилди.
Шунингдек, тадбирлар давомида ноқонуний муомаладан 80 та қурол ўқ-дорилари билан, 30 кг 337 гр гиёҳвандлик воситалари, 4 521 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари, 186 дона тиғ, 22 дона бита ва 17 дона кастетлар олинди.
Криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасидаги тезкор тадбирлар бошқа йўналишларда ҳам давом эттирилади.