Германиянинг 2004—2010 йиллардаги президенти бўлган Хорст Кёлер Берлин шаҳрида 81 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Германия Федератив Республикаси президенти девони хабар берди.
Маълумотларга кўра, Кёлер 1 февраль куни ҳаётдан кўз юмган. Хабарда таъкидланишича, у вафотидан олдин қисқа вақт давомида жиддий касалликка чалинган. Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер марҳумнинг оиласига ҳамдардлик билдириб, унинг мамлакат ривожига қўшган улкан ҳиссасини қайд этди. Канцлер Олаф Шольц эса Кёлернинг вафоти билан Германия ўз ишига садоқатли, ҳаётини «адолатли дунё» барпо этишга бағишлаган арбобдан айрилганини таъкидлади.
Хорст Кёлер 2004 йилда Германия президенти этиб сайланган ва 2009 йилда иккинчи муддатга қайта сайланган эди. Бироқ 2010 йилда у жанжалли интервьюдан сўнг ўз лавозимини тарк этди.
Ушбу воқеадан олдин Кёлер Афғонистондаги Германия ҳарбийлари сафида бўлиб, ташриф якунида Бундесвернинг халқаро миссиялари Германиянинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш учун кераклигини айтган эди.
Гарчи у бу гапларни Афғонистондаги ҳарбий операцияни оқлаш мақсадида айтмаганини таъкидлаган бўлса-да, танқидлар унинг обрўсига жиддий путур етказган. Шу боис у ўз лавозимидан истеъфога чиқишга қарор қилган.