Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги савдо мажмуасида фаррош аёл лифт тошлари босиб қолиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Билдирилишича, ҳодиса бугун, 3 февраль куни соат 11:10 да Олмазор туманида жойлашган “Ривьера” савдо марказида содир бўлган. 45 ёшли фаррош аёл лифтни ҳаракатланиш шафтасидаги шиша ойналарни тозалаётганида лифт эшиклари ёпилиб, тепага ҳаракатлана бошлаган.
Бу вақтда лифтни ҳаракатга келтирувчи қисми бўлган тошлар пастга, яъни аёл турган жойга қараб тушиб, уни қисиб қолган. Оқибатда аёл вафот этган.
Ҳодиса жойига тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиқишган. Ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, ҳодиса тасвирланган видеоязувлар баённома асосида олинган, аёлнинг вафот этганлиги ҳолати бўйича суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Бош прокуратурага кўра, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда, натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.