Тошкент вилоятида Малайзиянинг етакчи компанияси бошқарувида махсус иқтисодий зона ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев ва Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим тор доирада ҳамда расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказдилар. Томонлар 2025-2026 йилларни Ўзбекистон-Малайзия шериклигини инновацион ривожлантириш даври деб эълон қилишга келишиб олдилар.

Учрашувда иқтисодий ҳамкорликнинг янги модели шакллантирилиб, устувор йўналишлар белгилаб олинди. Хусусан, нефть-кимё ва кимё саноати, электроника ва яримўтказгичлар ишлаб чиқариш, инновацион саноат, «ақлли» қишлоқ хўжалиги, «яшил» энергетика, зиёрат туризми каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.

Ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент вилоятида Малайзиянинг етакчи компанияси бошқарувида махсус иқтисодий зона ташкил этиш режалаштирилган.

Учрашув якунида Президент Шавкат Мирзиёев бош вазир Анвар Иброҳимни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.