Россия Трампнинг Ғазо бўйича кескин таклифига изоҳ берди

Россия ТИВ Трампнинг Ғазо сектори аҳолисини кўчириш ташаббусига изоҳ берди. 

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишувларни тўлиқ амалга ошириш халқаро ҳамжамиятнинг асосий вазифаси бўлиши керак, деди ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова брифингда.

«Ҳозирги босқичда ҳар қандай мунозаралар, популистик, енгил-елпи характердаги баёнотлар, бошқа паллиатив чора-тадбирлар тўғрисидаги ғайритабиий режалар самарасиз бўлиб, муаммони ҳал қилишга ёрдам бермайди, шунчаки кескинликни қўшади», деди у АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ғазо секторини босиб олишга ва тиклашга тайёрлиги ҳақидаги баёнотларини шарҳлар экан.

Захарованинг сўзларига кўра, Ғазодаги вазият «фалокатга айланган» ва биринчи навбатда минтақадаги барча муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, барқарор ва узоқ муддатли оташкесимни сақлаш зарур. «Бу йўлда биринчи қадам Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишувларни тўлиқ амалга ошириш бўлиши керак», деб таъкидлади дипломат.

Унинг сўзларига кўра, «бу муаммони ҳал қилиш асосий мақсаддир ва Ғазода тинчликка эришиш ва Фаластин масаласини тўлиқ миқёсда ҳал қилиш учун тегишли шарт-шароитларни яратишдан манфаатдор барча томонларнинг барча саъй-ҳаракатлари бунга қаратилиши керак».

Аввалроқ Трампнинг Ғазо бўйича таклифи уни импичмент хавфи остида қолдиргани маълум бўлганди.