Ўзбекистонда камбағал оилалар фарзандлари учун грант ажратилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармонни имзолади. Ушбу ҳужжат асосида мамлакатда экологик таълимни ривожлантириш ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандлари учун олий таълим имкониятларини кенгайтириш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди.

2025/2026-ўқув йилидан Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”) экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳасида етакчи олий таълим маскани сифатида фаолият юритади. Шунингдек, ушбу университетга бириктирилган “яшил техникумлар” ташкил этилиб, уларда экология йўналишида мутахассислар тайёрланади.

Шунингдек, табиий фанлар, муҳандислик-техника, иқтисодиёт ва молия соҳаларида “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ривожланиш” фани ўқув дастурларига киритилади. Олий таълимда грант ўринлари кўпайтирилади ва давлат буюртмаси 25 мингтагача оширилади. “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан экология ва иқлим ўзгариши бўйича стипендия танловига 20 тагача квота ажратилади.

Давлат дастури доирасида “Камбағалликдан фаровонлик сари” ташаббуси ҳам амалга оширилади. Ушбу дастур асосида 3,5 минг кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари грант асосида олий таълимга қабул қилиниши режалаштирилган.