Наманганда содир бўлган ЙТҲ оқибатида уч киши вафот этди. Бу ҳақда “Менинг юртим” телеканалида хабар берилди.
Ҳодиса 2024 йилнинг 29 октябрь куни содир бўлган. 19 ёшли йигит дўстлари билан тунги клубда спиртли ичимликлар истеъмол қилган. Сўнг ўзига тегишли бўлмаган машинани Учқўрғон—Наманган йўлида бошқариб, йўлда Cobalt билан тўқнашган. Оқибатда Cobalt’да бўлган уч киши вафот этган.
Дастлабки суриштирувларда маълум бўлишича, йигит ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмагани ва машинани тезлик соатига 60 км бўлган жойда 100 км тезликда бошқаргани аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судида ўтказилган суд мажлисида йигитга нисбатан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқилган.
Суд уни Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиб одамлар ўлимига сабаб бўлиш) билан айбдор деб топган. Унга 6 йил қамоқ жазоси белгиланган.