Самарқандда 27 ёшли аёл турмуш ўртоғи томонидан калтакланиши натижасида аҳволи оғирлашиб вафот этди. Бу ҳақда Nemolchi.uz нашри маълум қилди.
Маълум қилинишича калтаклаган зўравон эр унга тиббий ёрдам кўрсатиш ўрнига, бу ҳолатни яширишга уринган ва шифохонага олиб бормаган.
Аёл ички ишлар органларига мурожаат қилмасдан, маҳаллага ёрдам сўраб чиққан. Аммо маҳалла ва бошқа маҳаллий идоралар ҳам ҳолатни назоратга олиш учун бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига хабар бермаган.
Марҳуманинг онаси 12 январ куни Россиядан келиб, қизини шифохонага олиб борган. У ерда аёлнинг танасида зўравонлик аломатлари бўлишига қарамай, текширувлар номига ўтказилган. Шунингдек, аёлнинг эри касалхонага келиб, уни калтакламаганини айтишни талаб қилиб, видеога олган.
1 феврал куни аёлнинг аҳволи оғирлашиб, шифохонада вафот этган.
Марҳуманинг онаси 16 январ куни ички ишлар органларига ариза топширган, аммо унинг сўзларига кўра, ҳанузгача зўравон ҳибсга олинмаган. Тегишли ташкилотлардан ушбу ҳолатга расмий муносабат кутиб қоламиз.