Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида 23 ёшли маст ҳайдовчи сабаб 5 та автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 8 февраль куни соат 15:30 ларда Янгиҳаёт тумани Янги Сергели кўчасидаги Index бозор ҳудудида 2002 йилда туғилган Б.Х. бошқарувидаги Lacetti, 1984 йилда туғилган С.М. бошқарувидаги Lacetti, 1998 йилда туғилган Б.Қ. бошқарувидаги BYD, 2001 йилда туғилган А.Э. бошқарувидаги Spark ҳамда 1998 йилда туғилган И.М. бошқарувидаги BYD русумли транспорт воситалари ўзаро тўқнашуви оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Билдирилишича, Lacetti ҳайдовчиси – 2002 йилда туғилган Б.Х. маст ҳолатда руль бошқарувини йўқотиб ЙТҲ содир этган. Оқибатда Spark русумли автомашина ҳайдовчиси 2001 йилда туғилган А.Э. ва йўловчиси 2000 йилда туғилган Ф.У. га шифокорлар томонидан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.