«Ўзсувтаъминот» тизимида 2024 йилда 214 млрд сўмлик коррупцион ҳолат аниқланган

Тизимдаги коррупцион ҳолатлар бўйича 2023 йилда 61 нафар, 2024 йилда 80 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилган.

«Ўзсувтаъминот»нинг молиявий ҳолати қандай? Зарар билан ишлайдиган бўлимлар мавжудми? Дейлик, агар ҳозирда «Ўзсувтаъминот» ДУК тўлиқ зарарга ишлаган бўлса, бу зарар қай тарзда қопланмоқда? Бундан ташқари, тизимда коррупцион ҳолатлар ҳам бўлганми?

Ogoh.uz журналисти ушбу мазмундаги саволларга «Ўзсувтаъминот» АЖ масъулларидан жавоб олди.

«Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Хуршид Рахматуллаев:
«Ҳозирда тизим ташкилотларида 18 та акциядорлик жамиятлари фаолият юритаётган бўлса, ҳар бир ҳудудда тариф сиёсати халқ депутатлари кенгаши томонидан мустақил тасдиқланади. Бу тарифларда минимал даражадаги рентабеллик, яъни 8-10% атрофида инобатга олинади. Зарарга чиқишнинг асосий сабабларидан бири мавжуд дебитор қарздорлик ҳисобланади. Оддий қилиб айтганда, ҳар йили акциядорлик жамиятлари 100 сўм харажат қилиб, 105 сўм оламан деган режа билан ўзининг кузатув кенгаши орқали бизнес-режасини тасдиқлайди.

2025 йил 1 январ ҳолатига кўра, республика бўйича дебитор қарздорлик 999 млрд сўмни ташкил этади. Маълумот учун, 2 йил олдин бу 1 трлн 300 млрд атрофида эди. Бугунга қадар ушбу миқдорни 300 млрддан ортиққа камайтиришга эришилди, лекин бу ҳали етарли миқдордан кам ҳисобланади. Аслида дебитор қарздорлик бўлмаслиги керак. Кўчада ётган маблағларимиз ҳисобига айрим ташкилотлар тизимида зарар кўриб ишлаётган корхоналаримиз бор.

Бу тарозининг бир палласи, бошқа палласини олиб айтадиган бўлсак, маълум мажбуриятларимиз мавжуд. Дебитор қарздорлик мўлжалдагига нисбатан камайгандан кейин биз харажатларни ўз вақтида қила олмаслик ҳолатларимиз ҳам бор», — деб жавоб берди.

Бундан ташқари, Ogoh.uz журналистининг тизимдаги коррупцион ҳолатлар бўйича берилган саволига ташкилот мутахассиси шундай жавоб берди:
«Тизимда комплаенс назорат тизими ишлаб келаётгани ва ушбу тизим ходимлари томонидан 2024 йил давомида 555 та назорат тадбирлари ўтказилган. Улар давомида қарийб 214 млрд сўмлик хато, камчилик ва коррупцион ҳолатлар аниқланган.

Йил якуни бўйича таҳлил қилинганда, 2023 йил давомида коррупцион ҳолатга йўл қўйган 61 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилган бўлса, 2024 йил якунида 80 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилган.