Санэпидқўмита огоҳлантириш билан чиқди

Санитария-эпидемиология қўмитаси ўзини “СЭС” ходими деб таништириб, дезинфекция учун пул йиғиб юрган сохта ходимларга алданиб қолмаслик ва улардан махсус лицензия талаб қилишга чақирди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, дезинфекция – бу ташқи муҳитда юқумли касалликлар қўзғатувчиларини йўқотишга, яъни зарарсизлантиришга қаратилган тадбир ҳисобланади. Дезинфекция атамаси бу умумий йиғма атама ҳисобланиб, дезинфекция таркибига : дезинфекция, дезинсекция, дератизация тадбирлари киради.

Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси ва туман дезинфекция бўлимларида эпидемиологик кўрсатмага асосан юқумли касалликлар аниқланган ўчоқларда зарарсизлантириш ишлари ўтказиб келинмоқда. Бундан ташқари Тошкент шаҳар аҳолисидан бошқармага ўзини “СЭС” ходими деб таништириб, хонадонлар, тадбиркорлик субъектлари ошхона, кафе, хусусий клиникалар, сарторошхона, гўзаллик салонлари ва бошқа турли ташкилотларга мажбурий дезинфекция қилиш талабини қўйиб, пул ундириб кетиш ҳолатлари бўйича кўп мурожаатлар келиб тушмоқда. 

Билдирилишича, Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари дезинфекция ўтказиш ва дориларни сотиш учун уйма-уй ва тадбиркорлик субъектларида юрмайди. Бундай хизмат аҳолининг ихтиёрий мурожаатига кўра шартнома асосида ўтказиб берилади. Шунингдек, Қўмита ходимлари томонидан юқумли касалликлар аниқланган ўчоқларда эпидемиологик кўрсатмага асосан дезинфекция ишлари ўтказилади. 

“Юқоридагиларни маълум қилиш билан бирга Тошкент шаҳар аҳолисига мурожаат қилар эдикки, сизнинг иш фаолиятингиз ва уйингизга ўзини “СЭС” ходими деб таништириб келган шахслар (сохта СЭС ходимлари) бўйича огоҳликни ошириб, уларнинг хизмат гувоҳномасини талаб қилишингизни, агар улар хусусий дезинфекция фаолияти билан шуғулланувчи корхона ходими бўлса, корхона ҳужжатлари ва дезинфекция фаолияти билан шуғулланиш учун махсус лицензиясини талаб қилиб, зарарсизлантириш учун ишлатиладиган дезинфекция воситаси белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтганлиги бўйича ҳужжатларни тақдим қилгандагина, шунда ҳам ихтиёрий равишда дезинфекция тадбирларини ўтказишингиз мумкин. Юқоридаги шахслар томонидан фирибгарлик йўли билан пул ундириш ҳолатлари кузатилса, ҳудудий участка нозири ёки 102 телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин”, дейилади хабарда.