Ерга астероид тушиш эҳтимоли ортиб бормоқда. 2024 YR4 астероиди ҳозирда Европа ва АҚШ космик агентликлари томонидан энг хавфли объектлардан бири сифатида баҳоланди. БМТнинг Космик Миссияни Режалаштириш Маслаҳат Гуруҳи бу таҳдидга қандай жавоб бериш масаласида бош қотираётган бир пайтда, Хитой Ер сайёрасини ҳимоя қилиш учун мутахассисларни тайёрлашга киришди.
Хитой 2032-йилда астероид Ерга тушиши мумкинлиги ҳақидаги хавф таҳлилларидан сўнг, сайёра мудофаа кучлари учун мутахассисларни тайёрлаш жараёнини бошлади.
Хитой ҳукумати бу ҳафтада WeChat орқали 16 та янги иш ўринлари эълон қилди, шулардан учтаси янги “сайёра мудофаа кучлари” учун ажратилган. Ушбу лавозимларга 35 ёшдан кичик, профессионал ва техник малакага эга, Коммунистик партияга содиқ ва Си Цзиньпин мафкураси билан уйғун бўлган битирувчилар мурожаат қилиши мумкин.
Ушбу ташаббус Хитойнинг Миллий мудофаа учун фан, технология ва саноат бошқармаси (SASTIND) томонидан амалга оширилмоқда. Иш ўринлари асосан аэрокосмик муҳандислик, халқаро ҳамкорлик ва астероидларни кузатиш йўналишларига қаратилган.
SASTIND бу ташаббус айнан 2024 YR4 астероиди билан боғлиқ эканлиги ҳақидаги саволларга изоҳ бермади.
Бироқ, SpaceNewsнинг Хитой аэрокосмик сектори бўйича журналисти Эндрю Жонснинг фикрича, бу ҳаракатлар Хитойнинг сайёра мудофаа тизимларини ривожлантиришга қаратилган узоқ муддатли стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.