Uzcard миллий тўлов тизимидан кирувчи хабарлар учун тарифлар оширилмоқда. Бу ҳақда SMS-хабарнома хизматларини тақдим этувчи Play Mobile компанияси матбуот хизмати маълум қилди.
Унга кўра, 1 мартдан Beeline, Humans, Perfectum, Ucell, Mobiuz ва UzMobile операторлари мижозлари учун 58 00 рақамидан юборилган ҳар бир SMS нархи икки бараварга — 84,2 сўмдан 168,4 сўмга ошади.
SMS-хабарнома хизматлари нархлари 2019 йилнинг июль ойидан бери ўзгармагани таъкидланган. Шу билан бирга, SMS-трафик ҳажми 75 фоизга ошган, бу эса «дастурий-аппарат мажмуасига хизмат кўрсатиш харажатларини сезиларли даражада оширган».
Дастурчиларни ёллаш, ишлаб чиқариш инфратузилмасини янгилаш, дастурий таъминотни такомиллаштириш ва техник қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уни ҳамкорлар ва алоқа операторлари тизимлари билан интеграция қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар ҳам ўзган.
Play Mobile’да «хизматлар нархига таъсир қилувчи ташқи иқтисодий омилларнинг сезиларли даражада ошгани» қайд этилган.
Сўнгги йилларда электр энергияси нархи 100 фоизга, базавий ҳисоблаш миқдори 68 фоизга, алоқа операторлари томонидан ундириладиган битта SMS’нинг ўртача нархи эса 300 фоизга ўсди, — дейилади IT-компания баёнотида.
«Uzcard’га қарашли PlumTechnologies тўлов ташкилоти ҳам CardXabar Telegram-боти хабардор қилиш хизматлари нархи ошганини маълум қилди.
Мазкур хизмат учун амалда ойига 1000 сўмдан тўлов олинса, 1 мартдан бошлаб нарх хабарлар лимитига боғлиқ бўлган пакетлар жорий этилмоқда: энг арзон пакет — «Старт» (250 тагача SMS-хабар) 5 минг сўмни ташкил этади, энг қиммати — «Инфините» тарифи эса (20 мингдан бошлаб SMS-хабарлар) — 500 минг сўм.