Америка ва Австралиялик олимлар томонидан ўтказилган олти йиллик тадқиқотга кўра, ҳафтада камида бир марта тухум истеъмол қилиш юрак-қон томир хасталикларидан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Бу хусусан кексалар учун фойдали бўлиб, уларда мазкур касалликлар ривожланиш хавфи сезиларли даражада камаяди.
Тадқиқотда 70 ёшдан ошган 8 756 нафар иштирокчининг маълумотлари таҳлил қилинган. Натижалар шуни кўрсатдики, ҳафтада бир марта тухум истеъмол қилганлар бу маҳсулотдан деярли воз кечганларга нисбатан юрак муаммоларига дуч келиш эҳтимолини 29% га камайтиришган. Шунингдек, доимий равишда тухумни рационга киритиш умумий ўлим хавфини ҳам 17% га пасайтиради.
Олимларнинг айтишича, бундай ижобий таъсир тухум таркибидаги фойдали моддалар билан боғлиқ. Улар орасида оқсил, А, В, Е, D, К гуруҳ витаминлари, фолий кислотаси ва тоўйинмаган ёғлар мавжуд бўлиб, айниқса кексалар саломатлигини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бу тадқиқот тухум истеъмолининг мўътадил даражадаги фойдали таъсирини яна бир бор тасдиқлаб, уни мувозанатли овқатланиш таркибига киритиш умумий саломатликни яхшилаш ва жиддий касалликлар хавфини камайтиришда муҳим қадам эканлигини кўрсатмоқда.