Хитойнинг Цзыбо шаҳридаги ҳайвонот боғи ходимлари кўпроқ ташриф буюрувчиларни жалб қилиш мақсадида эшакларни зебра сифатида кўрсатишган. Бу ҳақда Global Times нашри хабар берди.
Ҳайвонот боғи вакиллари яқинда зебраларни қабул қилганини айтиб, интернетда уларнинг видеоларини эълон қилишди. Аммо эътиборли фойдаланувчилар видеолардаги ҳайвонлар зебраларга ўхшамаслигини ва улардаги чизиқлар табиий эмас, балки чизилганлигини тезда пайқашди.
Фош этилгандан кейин ҳайвонот боғи ходимлари эшакларни бўяб қўйганини тан олишди. Бироқ улар бу орқали ташриф буюрувчиларни алдашни эмас, балки уларнинг эътиборини жалб қилишни хоҳлаганини таъкидлашди.
«Ҳайвонот боғи эгаси буни кўнгилочар мақсадда қилган», — деди ходимлардан бири. Унга кўра, ишлатилган бўёқ эшаклар учун заҳарли эмас.
Бундан ташқари, интернет фойдаланувчилари Цзыбо зоопарки аввалроқ итларни панда сифатида кўрсатган ҳайвонот боғи рекламасини такрорлашни режалаштирган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишди. Аммо бу ҳаракат муваффақиятсизликка учради.
Аввалроқ Хитойнинг Цзянсу вилоятидаги ҳайвонот боғи ходимлари чау-чау зотига мансуб итларни бўяб, уларни йўлбарс сифатида кўрсатгани ҳақида хабар берилган эди. Интернет фойдаланувчилари айримлари бу ишни алдов, бошқалари эса ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик деб баҳолашган.