Аёл бошқаси томонидан содир этилган жиноят учун асоссиз равишда ҳибсга олинди

Жоржия (АҚШ) штатида яшовчи Карен Малуф эр-хотин Европага таътилга жўнашга тайёргарлик кўраётган эди. Бироқ, аэропортда 54 ёшли аёл ҳибсга олинди.

Хавфсизлик ходимлари Каренни кишанлаб, уни округ қамоқхонасига олиб кетишди ва унга юк машинасини ўғирлаш айби қўйилди. Аёл бир неча кун қамоқда қолди ва фақат турмуш ўртоғи кафолат пулини тўлаганидан кейингина озод этилди.

Кейин эса судга айбланувчи сифатида ҳозир бўлишга мажбур бўлди. Аммо аслида Карен ҳеч қандай юк машинасини ўғирламаган. Ҳатто жиноят содир этилган Флорида штатидаги Палм-Бэй шаҳрига ҳеч қачон бормаган ҳам.

Маълум бўлишича, номаълум шахс 2017 йилда Кареннинг ўғирланган ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланиб, машина ижарага олган.

Карен ўша пайтдаёқ гувоҳномасининг йўқолгани ҳақида расмий равишда хабар берган бўлса-да, жиноятчи ижарага олинган транспорт воситасини қайтармаган ва натижада полицияга угон ҳақида хабар берилган. Шундай қилиб, бу ҳолатда ҳақиқий айбдор эмас, балки Кареннинг ўзи «айбланувчи»га айланди.

Ҳозирда Карен ҳам Жоржия, ҳам Флорида полиция бошқармаларига нисбатан судга мурожаат қилди. Аёл айниқса шу ҳолатдан қаттиқ ранжиганки, унга ўзини оқлаш учун ҳатто сўзлаш имкони ҳам берилмаган. У ҳар сафар полиция ходимлари билан гаплашишга уринганида, улар уни қўполлик билан «жим туриш»га мажбурлашган.