Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Кегейли, Мўйноқ ва Бўзатов тумани бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда фуқаролар Р.Д., М.А. ва И.Ж. ўзларининг хонадонларида умумий фойдаланишдаги электр ва газ тармоқларига тўғридан-тўғри уланиб, жами 588,2 млн сўмлик энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Департаментнинг Бекобод тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Sh.T.” фермер хўжалиги раҳбари Д.Н. тижорат мақсадида томчилатиб суғориш ускуналарини электр тармоғига тўғридан-тўғри улаб, 176,8 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Шунингдек, Департаментнинг Зангиота тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро М.О. “Намуна” МФЙ ҳудудидаги иссиқхонасида тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғига тўғридан-тўғри уланиб, 168,4 сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Департаментнинг Бағдод тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда фуқаролар С.Б. ва Х.Ж. умумий овқатланиш шохобчаси ҳамда кўчма дўконларида тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан электр тармоқларига уланиб, жами 102,8 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.