Алламжоновнинг 7 нафар ходимига нисбатан чиқарилган суд қарори бекор қилинди

Ишни судда кўриб чиқишда ҳуқуқбузарлик ҳодисасини тасдиқловчи далиллар етарли эмаслигига эътибор бермаган судьяларга нисбатан Судьялар малака ҳайъатига хусусий ажримлар чиқариш йўли билан муносабат билдирилди.

Шу йилнинг 21 февраль куни Олий судда тафтиш тартибида кўрилаётган МЖтКнинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбланган жами 7 кишига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш бўйича суд жараёни якунланиб, суд қарори эълон қилинди.

Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, суд қарорига кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисасини тасдиқловчи далиллар етарли бўлмаганлиги сабабли, Б. Ёқубов, С. Сидиков, А. Қурбонмуродов, А. Ташов, А. Салимов, Ж. Турғунов ва Х. Зуфаровга нисбатан чиқарилган суд қарорлари бекор қилиниб, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш МЖтКнинг 271-моддаси 1-бандига асосан тугатилди.

Иш юзасидан суриштирув ҳаракатларини олиб боришда ҳуқуқбузарлик ҳодисасини тасдиқловчи далилларни тўплаш чораларини кўрмаган ИИБ ходимига нисбатан Ички ишлар вазирлигига, шунингдек, ишни судда кўриб чиқишда ҳуқуқбузарлик ҳодисасини тасдиқловчи далиллар етарли эмаслигига эътибор бермаган судьяларга нисбатан Судьялар малака ҳайъатига хусусий ажримлар чиқариш йўли билан муносабат билдирилди.