Уй-жой қуриш учун ерни ижарага олган юридик шахслар ер солиғидан озод қилинади

2025 йил 1 майдан “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этишда ер участкаларини кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ижарага бериш бўйича аукцион савдоларида қатнашиш, кўп квартирали уй-жойларни қуриш ва уларни реализация қилишга фақат ҚҚСни тўловчи юридик шахсларга рухсат этилади.

Аукцион савдолари офертасида лойиҳа олди ҳужжатлари тайёрлашга 15 кунлик, лойиҳа ишларини бажаришга 2 ойлик ва қурилиш ишларини бошлашга 3 ойлик муддат белгиланади. Шунингдек, фармонда, аукцион савдоларида ер участкасини кўп квартирали уй-жой қуриш учун ижарага олган юридик шахслар ижарага олган пайтдан бошлаб 12 ой давомида ушбу ер участкаси бўйича ер солиғини тўлашдан озод қилинади.

Бундан ташқари, 2025 йилда ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш буйича ҳудудларда жами 8,1 миллион м2дан иборат 135 минг квартирали уй-жойларни қуриш, дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сонини 1,5 бараварга ошириш ва мазкур мақсадларга давлат бюджетидан 2,5 триллион сўм йўналтирилади.

Уй-жой ва ипотека бозорини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун 20,9 триллион сўм миқдоридаги ипотека кредитларини ажратилади.

“Янги Ўзбекистон” ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойларни барпо қилишда иштирок этадиган қурилиш ташкилотларини маблағлар билан таъминлаш учун давлат бюджетидан 700 миллиард сўм ҳамда тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан 3,0 триллион сўм миқдоридаги маблағларни йўналтирилади.

“Янги Ўзбекистон” массивлари учун янги ҳудудлар 2025 йил 1 мартдан урбанизация тамойилларига мувофиқ танланади.