2025 йилнинг январ-феврал ойларида бир қатор ташкилотлар бюджет маблағларидан машина ҳарид килган.
Давлат харидлари порталидан олинган маълумотларга кўра, қатор давлат ташкилотлари қимматбаҳо хизмат автомобилларини сотиб олган. Энг кўп харажат қилган ташкилотлар орасида «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги пешқадамлик қилмоқда.
Энг йирик харидларда етакчилар:
🔹 «Ўзбекнефтгаз» АЖ – 1 млрд 481 млн сўм эвазига 5 дона «BYD Chazor»
🔹 Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги – 1 млрд 270 млн сўм эвазига 3 дона «BYD Song Plus Champion»
Қимматбаҳо хизмат автомобиллари сотиб олган ташкилотлар:
🔹 «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖ – 635 млн сўм (1 дона «Kia K8 Signature»)
🔹 Гулистон давлат университети – 474,1 млн сўм (1 дона «Kia K5»)
🔹 Ўзбекистон давлат консерваторияси – 419 млн сўм (1 дона «MALIBU-2»)
🔹 «Ўзбекфилм» ДУК – 419 млн сўм (1 дона «MALIBU-2»)
🔹 Гулистон давлат педагогика институти – 409,7 млн сўм (1 дона «BYD Song Plus DM-i Champion»)
🔹 Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиали – 409,7 млн сўм (1 дона «BYD Song Plus DM-i Champion»)
🔹 «Фарғона туман йўллардан фойдаланиш» давлат муассасаси – 409,7 млн сўм (1 дона «BYD Song Plus DM-i»)
🔹 «Ҳудудгазтаъминот» АЖ – 409,7 млн сўм (1 дона «BYD Song Plus DM-i Champion») сотиб олиб 400 млндан зиёд харж қилганлар рўйхатини эгаллаган.
Нисбатан арзонроқ хизмат автомашиналари харид қилинган бўлса-да, уларнинг нархи ҳам 300 млн сўмдан ошади. Яъни, «арзон» деганимиз ҳам шартли тушунча бўлиб, 300 млндан юқори, лекин 400 млн сўмдан паст бўлган хизмат автомобиллари харид қилинган.
🔸 Наманган вилоят мелиоратив экспедисияси – 359,9 млн сўм (1 дона «HAVAL Wingle 7 Luxury»)
🔸 «Зарафшон» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси – 339,9 млн сўм (1 дона «Kia Carens Luxe»)
🔸 «Фарғона туман йўллардан фойдаланиш» давлат муассасаси – 302,3 млн сўм (1 дона «Chazor Comfort»)
Антикоррупсия агентлиги харидларни эьлон қилган. Лекин бу машиналар, кимга ва нима сабаб билан харид қилингани бўйича савол очиқлигича қолмоқда.
Халқимиз тежамкорликка ўтиб, нарх-наво ошиб бораётган бир пайтда, айрим давлат идоралари ҳашаматли автомобиллар сотиб олиш пойгасини давом эттирмоқда. Ҳолбуки, бу маблағлар ижтимоий соҳа, таълим ёки тиббиёт ривожи учун ишлатилса, анча манфаатли бўларди.
Ҳар бир тийин халқнинг пули эканлиги унутилмаяптими? Оммавий транспортдан фойдаланиш бўйича ибрат кўрсатиш ўрнига хизмат машиналарини янгилаш муҳимроқ бўлиб қолдими? Давлат маблағлари манфаатдор гуруҳларнинг қиммат автоуловга бўлган ҳавасига эмас, халқнинг эҳтиёжларига хизмат қилиши керак эмасми?