Тошкент аҳолисидан зарурат бўлмаса, шахсий автомобилда кўчага чиқмаслик сўралмоқда

«Тошшаҳархизмат» аҳолига мурожаат билан чиқди. Об-ҳаво кескин ўзгариб, қор ёғиши ва музламалар ҳосил бўлиши сабабли ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик сўралмоқда.

Зарурат бўлмаганда, айниқса қишга мўлжалланмаган шиналарда ҳаракатланмаслик тавсия этилади. Шунингдек, пиёдалар ҳушёр бўлишлари ва тирбандликларни олдини олиш учун жамоат транспортидан фойдаланишлари тавсия қилинмоқда.

Шу билан бирга, ноқулай об-ҳаво шароитида автотранспорт воситаларининг кўча-йўлларда ҳаракатланишида ноқулайликлар юзага келиши сабабли, айрим автобус йўналишларидаги қатнов ва оралиқ интервал вақтларининг белгиланган вақтлардан ортиши ҳолатлари юзага келиши мумкинлигини маълум қиламиз.

Ўзингиз ва атрофдагиларнинг саломатлигини ўйлаган ҳолда йўл-ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишингизни сўраймиз, дейилади хабарда.