Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Шаҳноза Султонова айни кунда арзимас муаммолар сабаб турмуш ўртоғидан ажралиб, ҳокимлар қабулида моддий таъминот сўраётган, боқимандалик кайфияти билан яшаётган айрим фуқаролар ҳақида гапириб, “Қабулларда бундай инсонлар кўп учрайди, энг оғриқли муаммо шу. “Шантаж” десак ҳам тўғри иборани ишлатган бўламиз”, деди. Ҳоким ўринбосари бу ҳақда Янгиҳаёт тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида гапирди.

Матбуот анжуманида сўз олган “Дарё” журналисти пойтахт ҳокими ўринбосари ҳамда Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги масъулига юзланиб, “Илгари аёллар эримдан ажрашганман, беваман дейишга уялган бўлса, бугун баъзи аёллар раҳбарлар қабулига борганида ғурур ва фахр билан ъмен беваман, менга ёрдам беринг, уй беринг, жой беринг, пул беринғ, дейишни одат қилди. Тўғри, раҳбарлар мурожаатчиларга ёрдам бериши керак, лекин ъмен беваманъ деган мурожаатчига уй бериш, пул бериш — оиласида озгина етишмовчилик бўлиб турган, эрининг топишидан қониқмаётган аёлларнинг фикрини бузмасмикин? Мен ҳам эримдан ажрашсам демак уй беришади, моддий таъминлашади деган фикрга бориб қолишмаяпти? Бунга нима дейсиз”, дея савол берди.

Биз учун долзарб ва оғриқли муаммо ҳақида савол бердингиз. Сўнгги вақтларда бундай ҳолатлар жудаям кўп учраяпти. Бошқачасига айтадиган бўлсак, “шантаж” десак ҳам тўғри иборани ишлатган бўламиз. Минг афсуски у ҳокимиятдан бу ҳокимиятга, бу ҳокимиятдан у ҳокимиятга юриб, шундай талаб қўяётган аёлларимиз бор. Буни касб қилиб олишган, — деди Шаҳноза Султонова.
Ҳоким ўринбосарининг айтишича, улар мурожаатчи фуқароларга раҳбарлар ҳам оддий одамлар қатори эканлигини, ваколатидан четга чиқолмаслигини, фақат ваколати доирасида кўмак беришга қодирлигини тушунтириб келади.
Масалан хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосар фақатгина шу масалага даҳлдор муаммоларни ҳал қилишини, бошқа ўринбосарлар ваколатига кирувчи масалаларни ҳал қилишга қодир эмаслигимизни, бошқа ўринбосарларга фақатгина мурожаатчи келганини, уни қизиқтираётган масала нимадан иборатлигини айтиб, илтимос қилишимиз мумкинлигини айтамиз, — дейди Шаҳноза Султонова.
Янгиҳаёт ҳокими ўринбосари, туман оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Ирода Абдуллаева ёлғиз оналигини пеш қилиб, бундан фойдаланишга уринишларни қоралашини, бу ҳолат уятли эканини айтмоқда.

Биз бундай аёлларнинг маънавияти ва маърифатини ўстиришимиз керак. Бу нарса қай даражада хунук эшитилишини аёлларимиз билиши керак. Вақтида эри урушга кетиб қайтиб келмаган пайтда ҳаётнинг барча қийинчиликларига ўзи чидаб, фарзандларини катта қилаётган оилалар кўп эди. Мана шунақа аёлларни намуна қилиб кўрсатишимиз керак, — деди у.