Боливияда юк машинаси ва автобус тўқнашиб кетиши оқибатида 30 киши ҳалок бўлди. Ҳодиса мамлакатнинг баланд тоғли ҳудудларида жойлашган Оруро ва Потоси шаҳарларини боғловчи шоссе йўлида содир бўлган. Полиция маълумотига кўра, тўқнашувдан сўнг автобус 500 метр чуқурликдаги жарга тушиб кетган.
Ҳалок бўлганлар орасида эркаклар ва аёллар бор, яна 22 киши жароҳатланган. Боливия президенти Луис Арсе марҳумларнинг оиласига ҳамдардлик билдирди ва ҳодиса юзасидан холис текширув ўтказилишини таъкидлади.
Ҳодиса сабабларини аниқлаш учун юк машинаси ҳайдовчиси қўлга олинган.
Боливиянинг тоғли йўллари дунёдаги энг хавфли йўллардан бири ҳисобланади. Йўлларнинг ёмон ҳолати, назоратнинг етишмаслиги ва оғир иқлим шароити бу ҳудудда ҳар йили ўртача 1 400 та ўлим ҳолати қайд этилишига сабаб бўлади.
Сўнгги кунларда бу каби иккинчи йирик автоҳалокат рўй берди. Аввалроқ, Боливия ғарбида икки автобус тўқнашиб, 37 киши ҳалок бўлган, яна ўнлаб одамлар жароҳатланган эди. Январь ойида эса йўловчи автобуси кўприкдан қулаб, 19 киши ҳаётдан кўз юмган.