Бандлик вазирлиги томонидан “Янги Тошкент“ қурилишида 38 йўналиш бўйича 10 мингга яқин иш ўринларига ишчиларни қабул қилиш бўйича хабарлар эълон қилинганди. Аммо хабарда ишга жойлашиш бўйича мурожаатлар учун қолдирилган call-марказ рақами ишламай қолди. Вазирлик ушбу ҳолат бўйича маълумот берди.
Вазирликнинг маълум қилишича, таклиф ҳақиқатдан ҳам қурилиш соҳасида ишлаш истаги бўлган кўплаб юртдошларимизнинг қизиқишига сабаб бўлган. Хусусан, кун давомида 1000 га яқин қўнғироқ бўлмоқда. Уларнинг сони кўпайгани туфайли лимитдан (бир пайтнинг ўзида 50 тагача қўнғироқ) ошганда узилиш рўй берган.
Вазирлик ушбу ҳолат 4 март соат 12:00 га қадар бартараф этилишини маълум қилди.
Қолаверса, қўнғироқ қилиб навбат кутишни истамаган ёки боғлана олмаганлар учун алтернатив таклиф сифатида Telegram бот ишга туширилмоқда.
Эндиликда Янги Тошкент шаҳри лойиҳаси қурилишида ишлашни истаганлар @yangi_toshkent_qurilishi_botорқали ўзлари ҳақида маълумотларни ёзиб қолдиришса, call-марказ операторлари маълумотда кўрсатилган рақамга кун давомида қайта алоқага чиқади.
Эслатиб ўтамиз Бандлик вазирлиги “Янги Тошкент“ қурилиш жараёнларига қурилиш соҳасида тажрибага эга бўлган юртимизда, ёки хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни 38 йўналиш бўйича ишга таклиф этганди.