Иш столидаги тартибсизлик ва креативлик ўртасидаги боғлиқлик тасдиқланди

Иш жойидаги тартибсизлик «гениаллик»нинг белгисими ёки йўқми, бу масала олимлар ва мутахассислар ўртасида узоқ йиллардан бери баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келади. Миннесота университети олимлари томонидан ўтказилган янги тадқиқот бу мавзуга нисбатан бошқача ёндашишга туртки берди. Маълум бўлишича, ижодий тартибсизлик креатив фикрлаш ва янги ғояларни шакллантиришга ёрдам бериши мумкин.

2013 йилда Psychological Science журналида чоп этилган мақолага кўра, поклик ва тартиб одатда саховатпешалик ва виждонлилик каби юқори ахлоқий сифатлар билан боғлиқ бўлади. Бироқ, маълум даражадаги тартибсизлик ижодий жараён учун фойдали бўлиши мумкин. Бу тадқиқот психолог Кэтлин Вос ва унинг ҳамкасблари томонидан ўтказилган бўлиб, турли иш муҳитларида тажрибалар ўтказишни ўз ичига олган.

Тадқиқот доирасида иштирокчилар икки хил хоналарда жойлаштирилди: бири идеал даражада тоза ва тартибли, иккинчиси эса анча тартибсиз ҳолатда эди. Натижалар қизиқарли бўлиб чиқди: тартибли хонада бўлган иштирокчилар хайрияга кўпроқ мойиллик билдиришди ва соғлом озиқ-овқатларни танлашга интилишди. Бироқ, тартибсиз муҳитда ишлаган иштирокчилар янги ғояларни шакллантиришда ва оддий буюмларга ноанъанавий ечим топишда юқори ижодкорлик кўрсатишди.

Кэтлин Воснинг таъкидлашича, тартиб одамларни одатий хулқ-атвор ва қоидаларга риоя қилишга ундаса, хаос эса стандарт ёндашувлардан чиқиш ва янги ғоялар яратишга ёрдам беради.

Бироқ олимлар бу хулосани мутлақ тартибсизликка чақириқ сифатида қабул қилмасликни тавсия қиладилар. Ҳаддан ташқари тартибсизлик самарадорликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун тартиб ва эркинлик ўртасида мувозанатни сақлаш муҳимдир.

Қизиғи шундаки, машҳур шахслардан бири Альберт Эйнштейн ва Марк Твен ўз иш столларидаги тартибсизлик билан машҳур эдилар. Балки айнан шу ижодий муҳит уларнинг муваффақиятига ҳисса қўшгандир.

Шундай экан, ишхонадаги ҳамкасбингизнинг иш столи тартибсизлигини кўриб, уни дарҳол танқид қилишга шошилманг. Балки айнан шу хаос ортида илҳом ва оригинал ечимлар яшириндир.