Аргентинанинг Буенос-Айрес вилоятига қарашли Баиа-Бланка шаҳрида юз берган сув тошқини туфайли камида 10 киши ҳалок бўлган, 1,3 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинди. Бу ҳақда Инфобае портали хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, табиий офатга сўнгги бир суткадан бери тинмаётган кучли ёмғир сабаб бўлган. Шаҳар ҳудудида алоқа ва электр таъминотида узилишлар юзага келган. Яқин соатларда шаҳарга яна кучли жала ёғиши кутилмоқда. Фавқулодда ҳолат сабаб мамлакат президенти Хавер Милей Баиа-Бланкага ташриф буюриши режалаштирилган.
Буенос-Айрес вилояти расмийлари воқеани фожиа деб атаб, барча оммавий тадбирларни бекор қилишга қарор қилди. Ҳудудга хавфсизлик вазирлиги томонидан қутқарувчилар, фуқаролик мудофааси ходимлари ҳамда моторли қайиқлар жўнатилди.
Шунингдек, шаҳар аҳолисига ёрдам бериш учун мамлакат мудофаа вазири Луис Петри, хавфсизлик вазири Патрисия Буллрич ва Буенос-Айрес вилояти губернатори Аксел Кисилоф етиб келган. Ҳозирда қутқарув ишлари давом этмоқда.
Аргентина иқтисодиёт вазири Луис Капуто ҳукумат Баиа-Бланка шаҳрига ёрдам сифатида 10 миллиард песо ажратганини маълум қилган.