Фарғона водийсини пойтахт билан боғловчи, аслида “Буюк ипак йўли” таркибидаги янги йўл одамлар ҳаёт тарзи, мамлакат иқтисодиёти, хизмат кўрсатиш даражаси ижобий ўзгаришига сабаб бўлади.
Бу тарихий лойиҳани амалга ошириш ҳақида бизга Фарғона вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Абдулбоқи Иззатуллаев сўзлаб берди.
Мамлакатимизда аҳоли ва иқтисодиётнинг ўсиб бораётган эҳтиёжидан келиб чиқиб, транспорт тармоғини тубдан ислоҳ қилиш, шу жумладан, йўл хўжалигини бошқаришнинг замонавий тизимини яратиш ва рақамлаштириш, соҳада сифат назоратини кучайтириш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, хусусий сектор корхоналарини кенг жалб этиш учун шароит яратиш зарурати туғилди. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 10 октябрда қабул қилган “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айнан ана шу вазифалар ижросини таъминлашга, яъни йўл хўжалиги соҳаси такомиллаштириш, йўл қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш кўламини оширишга қаратилди.
Ушбу ҳужжатнинг муҳим жиҳатлардан бири – истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш нуқтаи назаридан Жаҳон банки кўмагида “Тошкент – Андижон” пуллик автомобиль йўлини қуриш белгиланди.
Умумий узунлиги 314 километр бўлган бу тезюрар магистраль 10,5 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган водийни пойтахт билан боғловчи муҳим артерия бўлиб ҳизмат қилади. Унинг фойдаланишга топширилиши натижасида Тошкентдан Андижонга етиб бориш вақти 5 соатдан 3 соатгача қисқаради. Шунингдек, бу ялпи ички маҳсулотни 2,6 фоизга ошириб, автоҳалокатларни 40 фоизга камайтириши мумкин.
Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини тайёрлаш ва тасдиқлаш Вазирлар Маҳкамасига топширилган эди. Яқинда ушбу лойиҳа бўйича халқаро тендер эълон қилинди. Қисқа вақтда унга кўплаб нуфузли хорижий компаниялар қизиқиш билдирди. PWC (Ўзбекистон), “Arup and Partner’s” ва CМS “Cameron” (Буюк Британия) консультантлар консорсиуми ҳукумат томонидан хусусий шерикни танлашга ёрдам бериш учун лойиҳанинг маслаҳатчиси сифатида жалб қилинди. Лойиҳа концепцияси шу йил 21 январда тасдиқланди. Унинг қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 4,28 миллиард долларни ташкил этмоқда. Йўл қурилиши бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим 49 йил давомида амал қилади.
Маълумотларга кўра, лойиҳа тендери икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда хусусий компаниялар дастлабки малакалашдан ўтиш учун ҳужжатларини топширади. Иккинчи босқичда дастлабки саралашдан ўтган компаниялар лойиҳа бўйича техник ва молиявий таклифларини тақдим этади. Тендерда ғолиб бўлган иштирокчи билан узоқ муддатли давлат- хусусий шерикчилиги битими имзоланади.
“Тошкент–Андижон” йўналишининг 64 фоизи янги, 36 фоизи реконструкция қилинади. Трасса узунлиги I-а (автомагистраль) тоифасига киради ва олтита йўлакдан иборат бўлади.
Лойиҳа қурилиши уч босқичдан иборат бўлиши кўзда тутилмоқда. Дастлаб 102 километрли Тошкент – Ангрен, иккинчи босқичда 69 километрли Ангрен –Поп, учинчи босқичда 143 километр узунликдаги Поп – Андижон участкаси қурилади. Йўл цемент-бетон қопламали бўлади.
Шу йилдан бошлаб қурилиши режалаштирилаётган лойиҳанинг 1-босқичи доирасида Қамчиқ довонида 16,4 километрлик туннель йўли барпо этилади.
Шуниси аҳамиятлики, мазкур пулли йўл мавжуд йўлларга муқобил сифатида қурилмоқда. Чунки ҳар қандай ҳайдовчи учун йўллардан фойдаланишда танлаш имконияти бўлиши керак. Эски йўлларда кесишма ва туташмалар, светофор ва темир йўл кесишмалари кўплиги, катта қисми аҳоли яшаш пунктларидан ўтгани сабабли тезлик чекланган.
Пулли автомобиль йўлини ташкил этишдан асосий мақсад ҳам автомобиль йўлларида атроф-муҳит ва жамоат хавфсизлигини ҳисобга олган ҳолда, йўллардаги тирбандликни камайтириш, ўтказувчанлик қобилиятини ошириш ҳамда юқори сифатли хизматлар кўрсатиш, шунингдек, транспорт соҳасига оид ахборот тизимлари билан интеграцияни таъминлаш имконини берадиган муқобил автомобиль тармоғини яратишдир.
Лойиҳадан йўллар ёқасида хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ташкил этилиши ўрин олган. Хусусан, йўл ёқасида автомобилларга ёқилғи қуйиш, унга техник хизмат кўрсатиш объектлари, кемпинглар қурилади. Бу эса давлатимиз иқтисодиётнинг тараққиётида муҳим рол ўйнайди. Шунинг баробарида тезликни ўлчовчи радарлар бўлмайди. Пиёдалар ўтиш йўлаги ва кесишмалар ер ости ёки ер устида қурилади. Носозлик ва шунга ўхшаш зарурат пайдо бўлганда, четга чиқиб олишнинг имкони яратилади.
Пулли магистралда йўл ҳақи миқдори транспорт воситасининг турига, унинг оғирлигига ёки ғилдирак ўқлари сонига қараб ўзгаради. Катта ва оғир транспорт воситалари учун тарифлар одатдаги автомобилларга нисбатан юқори бўлади.
“Тошкент – Андижон” магистраль йўлини 5-7 йилда фойдаланишга топшириш кутилмоқда. Бу жараён 2025-2032 йилларни ўз ичига олади.
Бир сўз билан айтганда, пулли автомобиль йўли Ўзбекистоннинг йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва транспорт хизматларини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Лойиҳанинг давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиши эса замонавий технологиялар ва халқаро тажрибаларни жорий этишга имкон беради. Бу нафақат транспорт соҳасини ривожлантиради, балки минтақавий иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшади.