Тайланд суди мактаб ўқувчиларига узун соч қўйишга рухсат берди

Тайландда мактаб ўқувчилари учун соч турмагини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинди. Бу қарор мамлакат Олий маъмурий суди томонидан қабул қилинди. Бу ҳақда The Thaiger маълум қилди.

Суд 1975 йилдан буён амал қилиб келаётган давлат регламентини бекор қилди. Унга кўра ўқувчиларнинг ташқи кўриниши, жумладан, соч узунлиги ва пардоз қилиш воситаларидан фойдаланиши меъёрлари белгилаб қўйилган эди. Аввалроқ ўғил болаларга фақат қисқа соч турмаги, қизларга эса елкагача каре қўйишга рухсат этилган. Шунингдек, қизларга косметикадан фойдаланиш тақиқланган эди. Бу регламент давлат ва хусусий мактабларга бирдек татбиқ этилган.

Суд бундай чекловлар ўқувчиларнинг ҳуқуқларини бузишини таъкидлади. Янги қарорга кўра, мактаб ўқувчиларининг ташқи кўриниши ҳақидаги масала таълим муассасаларининг ўз ихтиёрига қолдирилади.

Шу билан бирга, айрим ҳуқуқ ҳимоячилари ва ота-оналар ўқитувчилар эски қоидаларга амал қилишда давом этиб, узун сочли болаларни жазолаши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.