Олий Мажлис Қонунчилик палатасига аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилди.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, айрим нотариал ҳаракатлар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига бериш таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг ижтимоий ёрдам ва хизматлардан фойдаланиш тўғрисидаги аризаларидаги имзолар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан ҳақиқийлиги текширилган бўлса, нотариал тасдиқ талаб этилмаслиги назарда тутилмоқда.
“Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ариза берувчиларнинг розилиги асосида банк сирига тааллуқли маълумотларни ахборот тизими орқали электрон тарзда олиш ва ишлов бериш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланмоқда.