Шавкат Мирзиёев Франция президенти Эммануэл Макрoннинг таклифига биноан 11-13 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф доирасида Париж шаҳрида олий даражадаги музокара ва тадбирлар, Франциянинг расмий ва ишбилармон доиралари билан қатор учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Бўлажак мулоқотлар кун тартибидан кўп қиррали Ўзбекистон—Франция муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган.
Савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, Франциянинг етакчи компания ва корхоналари билан кооперация лойиҳаларини илгари суришга устувор эътибор қаратилади.
Саммит якунида ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, давлат раҳбари ЮНEСКО Бош директори Одри Азуле билан учрашиб, ташкилот Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик кўриш ва уни жорий йилнинг кузида Самарқанд шаҳрида ўтказишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилади.
«Бўлажак ташриф арафасида кўплаб тадбирлар ўтказилаётганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, 1 март куни Гретц-Арменвил шаҳридаги «Ураноскоп» обсерваторияси ҳудудида буюк аллома Абу Райҳон Беруний сиймоси акс этган ёдгорлик очилди. Шу кунларда Париж шаҳрида соғлиқни сақлаш, фан ва таълим, маданият, туризм ва бизнес соҳаларида форум ва анжуманлар ўтказилмоқда. Тулуза, Лион ва Ниссада қўшма ишбилармонлик тадбирлари бўлиб ўтади», — дейилади хабарда.