Жиззахда корхона 2 млрд сўмлик табиий газдан ўғринча фойдалангани аниқланди

Жиззах вилоятида 2 млрд сўмлик табиий газдан ўғринча фойдаланган корхона аниқланди, деб хабар бермоқда “Ҳудудгазтаъминот”.

Қайд этилишича, барча ҳудудларда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда.

“Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари, туман газ таъминоти бўлими ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида ўтказилган мана шундай рейд вақтида қонун бузилиши ҳолати фош этилди.

Туманнинг “Кўкбулоқ” МФЙда жойлашган “Ф.Т.М.” МЧЖга қарашли ҳудуд хатловдан ўтказилганда, истеъмолчи электрон газ ҳисоблаш ускунасига ўрнатилган бир марталик тамғани ўзбошимчалик билан олиб ташлаб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди.

Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, газ сарфи қайта ҳисоб-китоб қилинди ва 2 миллиард 46 миллион сўмлик зарар аниқланди. Ноқонуний ҳолат бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.