Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тартиби тасдиқланди.
Жамғарма «Камбағал оилалар реестри»даги оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этишга кўмаклашиш учун уларга ҳамда улар бандлигига ёрдам берувчи юридик ва жисмоний шахсларга субсидия, грант ва ссудалар ажратишга қаратилган.
2025 йилнинг 1 октябридан жамғарма маблағлари ҳисобидан фуқароларга нақд пул шаклида бериладиган маблағлар босқичма-босқич ижтимоий карта орқали тақдим этилади.
Енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, суғориш воситалари, уруғликлар ва кўчатлар харид қилиш учун субсидиялар «Жамғарма-ташкилот-талабгор» ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида ажратилади.
Бунда аҳолига қуйидагилар учун субсидия берилади:
- енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун — БҲМнинг 30 бараваригача (11,25 млн сўм);
- суғориш воситалари хариди учун — БҲМнинг 10 бараваригача (3,75 млн сўм);
- уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун — БҲМнинг 3 бараваригача (1,125 млн сўм).
Талабгор субсидия олиш учун ўзининг доимий яшаш манзилидаги ҳоким ёрдамчиси ёки Ягона портал ҳамда «Онлайн маҳалла» электрон платформаси орқали мурожаат қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг сентябрида қабул қилинган президент қарори билан аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси негизида Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилиши маълум қилинганди.