Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларида коррупция билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Унда “Фарғона сув таъминоти” АЖ Қўқон шаҳар бўлимининг муқаддам судланган 2 нафар инспектори ўз хизмат вазифаларидан фойдаланиб, Қўқон шаҳрида маҳаллий қурилиш фирмаси барпо этаётган янги кўп қаватли уйлардаги жами 555 та хонадонга ичимлик суви учун ҳисоблагич ўрнатиш, шахсий карточка очиш, сертификат қилиб бериш ва бошқа хизматлар эвазига 51 минг АҚШ доллари олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддасининг 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддасининг 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Наманган вилоятида кузатилган ҳолатда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга қарашли “Энергосавдо” корхонасининг Давлатобод туман бўлими муҳандиси металл эритиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖда электр ҳисоблагичдан ноқонуний фойдаланилганлиги сабабли, давлатга жуда кўп миқдорда зарар етказилганлигини рўкач қилиб, ҳолатни расмийлаштирмаслик ва жаримага тортмаслик эвазига воситачи орқали 20 минг АҚШ доллари олган. Шу вақтда у Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддасининг 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Андижон вилоятидаги туманлардан бирининг кадастр бўлими бошлиғи пора билан ушланди. У фуқарога боғдорчилик йўналишида фойдаланиш учун ҳокимият томонидан ижарага берилган 1 гектар ер майдонининг 17 сотих қисмидаги ноқонуний қурилмани бузиш бўйича далолатнома расмийлаштирмаслик, судларга даъво аризаси киритмаслик ва уни жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан прокуратура органларига ҳужжатлар тақдим қилмаслик, шунингдек, кейинчалик ушбу ер майдонининг 22 сотих қисмини турар-жой сифатида расмийлаштирилишида ёрдам бериш эвазига 6 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Аммо, у сўралган пул маблағини ўзининг хизмат хонасида олган вақтида ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур мансабдор шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.