Грантларни талабалар орасида қайта тақсимлаш тартиби тасдиқланди

Олий таълим муассасаларида таълим гранти талабаларнинг академик кўрсаткичлари ҳамда ижтимоий ишлардаги фаоллиги асосида тақдим этилади.

Ҳукуматнинг 10 мартдаги тегишли қарорига кўра, олий таълим ташкилотларида талабаларга грантларни тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар берди.

Грантга даъвогарлар учун янги талаблар

Шартга кўра, таълим грантига даъвогарлар жорий ўқув йилида ўзлаштириш кўрсаткичи бўйича GPA 3,5 ва ундан юқори бўлиши шарт. Агар талабанинг GPA кўрсаткичи бундан паст бўлса, у грантлар қайта тақсимланиш жараёнида иштирок эта олмайди ва ушбу грант вакант ўрин сифатида қолади.

Талабалар грант танловида иштирок этиш учун ОТМларнинг расмий веб-сайтида онлайн рўйхатдан ўтиши ва ўз ютуқларини тасдиқловчи ҳужжатларни юклаш имкониятига эга бўлади.

Бахолаш мезонлари

Грантга даъвогар талабаларни баҳолаш 80 баллик шкала асосида амалга оширилади. Бунда:

  • Академик ўзлаштириш – GPA кўрсаткичи 16 сонга кўпайтирилади.
  • Ижтимоий фаоллик – 20 баллик шкала бўйича баҳоланиб, натижа 5 сонга бўлинади.

Ижтимоий фаоллик қандай баҳоланади?

Талабанинг ижтимоий фаоллиги қуйидаги мезонларга асосан баҳоланади:

  • Китобхонлик маданияти
  • “5 муҳим ташаббус” доирасидаги тўгаракларда фаол иштирок
  • Академик ўзлаштириш даражаси
  • ОТМ ички тартиб-қоидалари ва одоб-ахлоқ кодексига риоя этиш
  • Халқаро, республика ва вилоят миқёсидаги фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларидаги ютуқлар
  • Дәрсларга ўз вақтида келиб, кечикмаслик
  • “Маърифат дарслари”да фаол иштирок
  • Волонтёрлик ва жамоат ишларида қатнашиш
  • Театр, музей, кино, тарихий қадамжоларга ташриф буюриш
  • Спорт билан шуғулланиш ва соғлом турмуш тарзига риоя этиш
  • Маънавий-маърифий йўналишдаги фаоллик

Тенг натижа бўлса, ким устувор бўлади?

Агар танловда бир хил балл тўплаган талабалар бўлса, устуворлик академик ўзлаштириш кўрсаткичи юқорироқ бўлган талабага берилади. Агар ўзлаштириш даражаси ҳам бир хил бўлса, талабалар ўқитилган мутахассислик фанлари бўйича қўшимча тест синови топширади.

Грантга эга бўлган талабалар рўйхати қачон эълон қилинади?

Ҳар йили 25 августгача ОТМ кенгашининг қарорига асосан грантга эга бўлган талабалар рўйхати олий таълим муассасаларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.