Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи янги рекорд даражага етди

14 март куни Ўзбекистон банкларидаги ўлчовли олтин қуймалари нархи янги рекорд даражасига кўтарилди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Бир грамм олтин нархи 1 млн 272 минг 440 сўмни ташкил этди — бу кечаги кунги нархдан 1,6 фоизга юқоридир. 5 граммлик қуйма эса 6 млн 362 минг сўмдан, январь ойида сотувга чиқарилган 100 граммлик қуйма эса 127 млн 244 минг сўмдан таклиф этилмоқда.

20 февралда ўрнатилган аввалги рекордга нисбатан қимматбаҳо металл нархи 0,6 фоизга ошган. Икки ярим ой ичида нархлар 12,4 фоизга, йиллик кўламда эса 41,4 фоизга ўсган.

Регулятор томонидан олтин қуймалари бўйича тақдим қилинган маълумотга кўра:

  • 5 грамм ўлчовли олтин қуйма нархи 6 млн 362 минг сўм;
  • 10 грамм олтин қуйма нархи 12 млн 724 минг сом;
  • 20 грамм олтин қуйма нархи 25 млн 449 минг сўм;
  • 50 грамм олтин қуйма нархи 63 млн 622 минг сўм;
  • 100 грамм олтин қуйма нархи 127 млн 22 минг сўмни ташкил қилади.

Жаҳон биржаларида олтиннинг ўртача котировкаси бир троя унцияси учун 2985 долларни (бир грамм учун 95,97 доллар) ташкил этади. АҚШ Меҳнат статистикаси бюроси ишлаб чиқарувчилар учун нархларнинг ўсиш суръати пасайганини эълон қилгандан сўнг қимматбаҳо металл фьючерслари психологик 3000 долларга етди — бу иқтисодиётнинг совишини кўрсатади.

Йил бошидан бери олтин АҚШнинг янги президенти Доналд Трампнинг савдо сиёсати ва жаҳон савдосидаги кескинликнинг кучайиши фонида энг даромадли активга айланди. Қимматбаҳо металларга бўлган талаб дунёнинг марказий банклари томонидан сотиб олиниши билан қўллаб-қувватланади.

Yahoo Finance хабар беришича, таҳлилчилар Оқ уйнинг тариф бўйича қарорларини ҳисобга олган ҳолда олтин нархининг янада кўтарилишини кутмоқда. Жумладан, Masquarie Group вакили Маркус Гарви олтин нархи айрим ҳолларда 3500 долларгача етиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.