Брюсселда Ўзбекистон ва Европада фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинмоқда

17-20 март кунлари Брюсселда Европа Иттифоқининг Иқтисодий ва Ижтимоий Қўмитаси (EESC) томонидан “Фуқаролик жамияти ҳафталиги – 2025” халқаро тадбири бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон фуқаролик жамияти делегацияси, жумладан, “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари иштирок этмоқда.

Тадбир демократик иштирок, ҳамкорлик ва фуқаролик жамиятининг ривожланишига бағишланган. Ҳафталик доирасида марказ ижрочи директори Элдор Туляков Европа Парламенти вице-президенти Юнус Омаржи ҳамда EESC президенти Оливер Рёпке билан учрашди.

Мулоқотларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, демократик институтларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва жамият олдида турган муаммоларни биргаликда ҳал этиш муҳимлиги таъкидланди.