Фуқаролар яшаш ҳудудларидаги кўчаларда ноқонуний равишда сунъий тўсиқлар ўрнатиши, йўлни тўсиб қўйиш орқали ҳайдовчилар ва бошқа фуқароларга, айниқса, аҳолига шошилинч хизмат кўрсатувчи ҳамда махсус транспорт воситалари ҳаракатига тўсқинлик қилмоқда. Бундай хатти-ҳаракатлар ноқонуний бўлишига қарамай, маҳаллаларда кўплаб тижорат ва ижтимоий объектлар — хусусий поликлиникалар, болалар боғчалари, мактаблар, савдо дўконлари, масжидлар, болалар майдончалари мавжуд бўлгани учун аҳолининг тўсиқлар ўрнатишини тушуниш мумкин.
Сенатор Малика Қодирхонова “Кўпинча хусусий клиника ёки масжидга келган одамларимиз машинасини қўйишга жой тополмай, одамларнинг уйларига қўйиб кетишади. Бу кўплаб аҳолининг эътирозларига сабаб бўлади. Маҳалла аҳолиси бундай ҳоллардан безганидан кейин кўча бошига шунақа тўсиқлар ўрнатиб олишяпти» деди.
Қонунчиликка кўра, “Йўл ҳаракати тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасида йўлларда (йўл участкаларида) транспорт воситаларининг ҳаракатланишини чеклаш ёки тақиқлаш тегишли ваколатли давлат органларининг ахбороти асосида амалга оширилиши белгиланган. Бунинг учун ЙҲХХ ва ФВВ билан келишиш керак. Йўл ҳаракати хавфсизлигига, шу жумладан, фуқароларнинг ҳаётига ёки соғлиғига таҳдид бўлганда, экстремал иқлим шароитлари, фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи ҳақида огоҳлантириш келиб тушганда, йўл-транспорт ҳодисалари содир этилганда, тезкор-қидирув тадбирлари, оммавий тадбирлар ўтказилаётганда ва қўриқланадиган шахслар йўлда ҳаракатланаётганда транспорт воситалари ҳаракати ваколатли органларнинг қарори билан чекланиши ёки тақиқланиши мумкин.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 147-моддаси йўлларда қонунга хилоф равишда тўсиқлар ўрнатиш ва уларни тўсиб қўйиш бўйича қўшимча киритилмоқда. Қоидабузарлик фуқароларга БҲМнинг 5 баравари (1 млн 875 минг сўм), мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 20 баравари (7,5 млн сўм) миқдорида жарима солишни назарда тутади.
Шунингдек, аҳоли турар жойлари, айниқса, мактаб ва болалар боғчалари яқинида бетон, асфалт ёки пластмассадан ясалган тезликни пасайтириш мосламалари, шунингдек, тўсиқларни рухсациз ўрнатиш ҳолатлари кенг тарқалган. Аслида, масъул тузилмалар бунга эътибор бермаётгани, ягона меъёр ва қоидалар йўқлиги сабабли аҳолининг ўзи чора кўришга мажбур бўлмоқда.