Ўзбекистонда сўнгги икки ойда Умра хизматларини лицензиясиз кўрсатаётган 31 та масъулга жиноят иши қўзғатилди

Ўзбекистонда икки ой давомида Умра хизматларини лицензиясиз кўрсатаётган турфирмаларга жами 1 млрд 425 млн сўм жарима қўлланилган. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита хабар қилди.

Қўмитанинг хабар беришича, сўнгги икки ойда ўтказилган текширувлар давомида Умра сафарларини ноқонуний ташкил этиш билан боғлиқ қонунбузарликлар аниқланган.

Жумладан, Умра хизматларини лицензиясиз кўрсатаётган 31 та сайёҳлик фирмасининг масъулларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

24 та турфирмада текширув ўтказилиб, лицензиясиз фаолият юритган 19 тасига 75 миллион сўмдан (жами 1 млрд 425 млн сўм) жарима қўлланган. Яна 5 та фирма ҳуқуқбузарлик юзасидан Рақобат қўмитаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Қонунчиликка кўра, Умра сафарларини фақат тегишли лицензияга эга тадбиркорлик субъектлари ташкил этиши мумкин. Шунингдек, фуқароларни умра визасисиз Саудия Арабистонига юбориш тақиқланган, дея эслатмоқда қўмита.

Мутасаддилар Умра сафарига боришдан олдин турфирмаларнинг расмий лицензияси бор-йўқлигини текширишни тавсия этмоқда. Зиёратчилар турли муаммоларга дуч келмаслиги учун ишончли ва кафолатланган хизматлардан фойдаланиши лозимлиги таъкидланган.