«Буюк Ипак Йўли – Тошкент трактор заводи» метро йўналишида 10 та бекат қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. Жумладан, пойтахтимизда жамоат транспортини янада ривожлантириш мақсадида метрополитен тармоғини кенгайтириш лойиҳалари кўриб чиқилди.

Маълумки, Тошкент метрополитени тармоғини Тошкент трактор заводи даҳасигача узайтириш режалаштирилган эди. Президентимиз аввал тақдим қилинган лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш ва муқобил таклифлар ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берган эди. Янги таклифга мувофиқ, Буюк Ипак Йўли бекатидан Тошкент трактор заводи даҳасигача 10 та бекат қурилади. Ушбу тармоқ 30 та маҳалла ҳудудини қамраб олади ва 148 минг аҳолига хизмат кўрсатади.

Бундан ташқари, пойтахтимизда урбанизация жараёнларини жадаллаштириш мақсадида Бектемир туманида Чирчиқ дарёси яқинида янги турар-жой мажмуалари, савдо ва хизмат кўрсатиш бинолари қурилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида туманда янги шаҳар маркази шаклланиши ва аҳолига қулайликлар яратилиши кутилмоқда.

Шунингдек, Юнусобод туманида 510 миллион доллар тўлиқ хорижий инвестиция ҳисобига “High Town City” мажмуаси қурилди. Унда савдо ва кўнгилочар маркази, бизнес маркази, меҳмонхона ва замонавий турар-жойлар барпо этилган. Мажмуа бир кунда 5 минг кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлиб, 1 500 киши иш билан таъминланган.

Пойтахтимиз инфратузилмасини яхшилаш мақсадида замонавий уй-жойлар қуришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юнусобод туманида 1 500 хонадондан иборат 28 та кўп қаватли уй бунёд этилади. Ушбу турар-жой мажмуасида болалар боғчаси, ўйин майдончаси, теннис корти, ерости автотураргоҳ ва Wi-Fi тармоғи билан таъминланган ҳудуд яратилади.

Президентимиз бу лойиҳаларнинг аҳоли учун аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, уларни тез ва сифатли амалга ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.