Туркияда норозилик намойишлари: Истанбулда махсус режим жорий қилинди

Истанбул шаҳар мэри Экрем Имамўғлунинг ҳибсга олиниши ортидан Туркияда оммавий норозилик намойишлари бошланди. Анқара, Измир, Мармарис ва бошқа шаҳарларда ҳам норозилик акциялари ўтказилмоқда. Истанбулда эса махсус режим жорий қилинди.

Истанбулда талабалар ва намойишчиларга босим

Истанбул университети Имамўғлунинг дипломини бекор қилганидан сўнг, талабалар унинг дипломини тиклашни талаб қилиб, намойишга чиқишди. Бунга жавобан полиция дубинка ва кўздан ёш чиқарувчи газ ишлатди.

Ҳозирда Истанбулдаги мухолифатчи Халқ республика партияси (ҲРП) штаб-квартираси олдида намойишчилар йиғилмоқда. Улар «Ялғиз ҳеч ким қутулмайди, ё барчамиз бирга, ё ҳеч ким!», «Адолат ва ҳақиқат», «Қачондир вазият ўзгаради, ПСР (Адолат ва тараққиёт партияси) халқ олдида жавоб беради» каби шиорларни айтишмоқда.

Имамўғлуга қарши айбловлар

Туркия ҳукумати бир неча бор Имамўғлунинг сайловда иштирок этишига тўсқинлик қилишга уриниб келган. Илгари у Марказий сайлов комиссиясини ҳақорат қилиш айби билан жиноий жавобгарликка тортилиб, 2023 йилги президентлик сайловларида қатнашиш имкониятидан маҳрум қилинган эди. Энди эса Истанбул университети унинг дипломини аннулиция қилди. Бу эса унинг 2028 йилги сайловларда қатнашиш имкониятини ҳам йўққа чиқарди.

Имамўғлунинг ўзи ҳам, мэрия ва маҳаллий ҳокимиятдаги 80 нафардан ортиқ амалдорлар билан бирга, коррупция ҳамда Туркияда террорчи ташкилот деб тан олинган Курдистон ишчи партияси билан алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди.