Ўзбекистон Афғонистонга 200 тоннага яқин инсонпарварлик ёрдами юборди

Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг хабар беришича, Афғонистон аҳолиси учун мўлжалланган қарийб 200 тонна озиқ-овқат маҳсулоти ортилган юк Балх вилоятига етказилган.

Инсонпарварлик ёрдами таркибидан ун, буғдой, макарон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, шакар, тез тайёрланадиган таомлар, қизил ловия ва мош ўрин олган.

Расмийлар иштирокида, Мозори Шариф шаҳрида икки томонлама учрашув ўтказилиб, келгусидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган. Суҳбат давомида Ўзбекистон томонидан Афғонистонда барпо этилаётган Имом Бухорий мақбараси қурилиши ҳақида ҳам алоҳида фикр алмашилган.

Афғонистон расмийлари Ўзбекистон президенти ва халқига кўрсатаётган ёрдам учун миннатдорчилик билдириб, яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити муносабати билан самимий табрикларини йўллаган.