Сўнгги маълумотларга кўра, Ер юзидаги аҳоли сони тахминан 8,2 миллиард кишини ташкил этади. Аммо Финляндиянинг Аалто университети олимлари ўтказган янги тадқиқот бу рақам аслида анча камайтирилган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Тадқиқотчиларнинг фикрича, кўплаб расмий аҳоли ҳисоб-китоблари қишлоқ жойларида яшовчи одамларни тўлиқ ҳисобга олмайди. Ушбу тадқиқот Nature Communications журналида чоп этилган.
Мутахассислар WorldPop, GWP, GRUMP, LandScan ва GHS-POP каби бешта асосий аҳоли маълумотлар базасини таҳлил қилган ва натижада қишлоқ аҳолисининг 53 фоиздан 84 фоизгача қисми ҳисобга олинмаган бўлиши мумкинлиги аниқланган. Масалан, 2010 йилга оид ишончли маълумотларда қишлоқ аҳолиси 32 фоизга камайтириб кўрсатилган, баъзи ҳолларда эса бу кўрсаткич 77 фоизгача етган.
Тадқиқотчилар дамба қурилиши сабабли кўчирилган аҳоли ҳақидаги 300 дан ортиқ лойиҳалар маълумотларини ўрганишган. Ушбу маълумотлар ҳокимият чегараларидан мустақил равишда тўплангани боис, глобал ҳисоб-китобларга нисбатан аниқроқ натижа беради.
Шу билан бирга, барча экспертлар бу тадқиқот натижаларига қўшилмайди. Масалан, Гонконг фан ва технология университети профессори Стюарт Гител-Бастен бу хулосалар бутун дунё аҳолисига татбиқ этилишига шубҳа билдирган. Унинг таъкидлашича, тадқиқот асосан Хитой ва Осиёнинг бошқа мамлакатлари маълумотларига таянган.
Аҳоли маълумотларини тўғри ва аниқ ҳисоблаш ресурсларни самарали тақсимлаш ва инфратузилмани режалаштириш учун жуда муҳимдир. Олимларнинг таъкидлашича, кўплаб давлатлар йўллар ва касалхоналар қуриш бўйича қарор қабул қилишда глобал аҳоли хариталаридан фойдаланади. Шунинг учун мавжуд маълумотлар камчиликларини бартараф этиш муҳим аҳамиятга эга.