Физиклар Ернинг айланишидан электроэнергия олишга муваффақ бўлди

2025 йил март ойида Принстон университети профессори Кристофер Чайба бошчилигидаги тадқиқотчилар жамоаси Ернинг айланишидан электр энергияси олиш бўйича олиб борилган тажрибанинг натижаларини эълон қилди. Бу ҳақда 3dnews.ru хабар бермоқда.

Висконсин университети физиги Пол Томаснинг сўзларига кўра, «бу ғоя ғалати туюлиши мумкин, аммо у XIX асрдан бери муҳокама қилиб келинади». Дарҳақиқат, бу каби тажрибалар янги бўлиб кўринса-да, унинг назарий асослари Майкл Фарадей давриданоқ ишлаб чиқилган.

Олимлар тажриба ўтказиш учун марганец-цинк ферритидан тайёрланган махсус қурилма яратдилар. Унинг икки учига электродлар ўрнатилиб, Ернинг айланиш йўналиши ва магнит майдонига 57 градуслик бурчак остида жойлаштирилди. Ҳисоб-китоблар шу ҳолатда электр потенциали пайдо бўлиши мумкинлигини кўрсатди.

Тажриба муваффақиятли ўтказилган бўлса-да, олинган энергия миқдори жуда оз — атиги 17,84 микровольт бўлди. Бу миқдор бир нейрон ҳосил қиладиган электр энергиясига тенг. Шунга қарамай, олимлар бу натижани муҳим илмий ютуқ сифатида баҳоламоқда.

Бироқ, барча физиклар ҳам тадқиқот натижаларини қўллаб-қувватлагани йўқ. Масалан, 2018 йилда шунга ўхшаш тажриба ўтказган Ринке Вейнгаарден бу концепция нотўғри эканини таъкидламоқда.

Шунга қарамай, профессор Чайба ва унинг жамоаси бу ғояни янада ривожлантириш мумкинлигига ишонади. Улар тажрибани кенгайтириб, кўпроқ энергия ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Агар бу тизим мукаммаллаштирилса, келажакда жаҳон энергетика талабларини таъминлаш имконияти пайдо бўлиши мумкин. Шу билан бирга, Ернинг айланишига таъсир даражаси жуда кичик — ҳар 100 йилда атиги 7 миллисекундга секинлашиши мумкин.

Ҳозирча бу технология анъанавий энергия манбаларига алтернатива бўлиш-бўлмаслиги аниқ эмас. Бироқ, Принстон олимларининг бу тажрибаси экологик тоза энергия манбаларини излашда янги йўналишларни очиб бериши мумкин.