Сифатсиз бензин сотган АЁҚШларга чора кўрилди

Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ҳамда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳудудларда фаолият кўрсатаётган автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотилаётган автобензин юзасидан назорат тадбири ўтказилди.

Қайд этилишича, Тошкент вилоятида ўтказилган назорат тадбирларида вилоятда фаолият олиб борувчи “Blac gold energy” МЧЖ (AI-92 ҳамда AI-95 маркали) ҳамда “Safjmax oil” МЧЖ (AI-92 маркали)ларда сотилаётган юқори октанли автобензинлардан олинган намуналарнинг сифат таҳлил натижалари давлат стандарти талабларига мос эмаслиги аниқланди.

Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида жойлашган “Happy oil” МЧЖга қарашли АЁҚШда сотилаётган АI-95 маркали автобензин ёқилғисидан олинган намуналари Тошкент марказий назорат-кимё лабораториясида текширилганда, мазкур маркали автобензин сифатсиз эканлиги аниқланган.

Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиши аломатлари билан 3 та хўжалик юритувчи субъектга нисбатан иш қўзғатилиб, жами 22 млн сўмга яқин пул маблағларини истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.