1 апрелдан Ўзбекистон қонунчилигида нималар ўзгаради?

Norma.uz портали 2025 йил 1 апрелдан миллий қонунчиликда кучга кирадиган асосий ўзгартиришлар шарҳини тақдим этади.

Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарликка тортиш тартиби ўзгармоқда

Солиқ органлари ходимлари томонидан уларга бириктирилган корхоналарда ёки маҳаллалардаги тадбиркорлик субъектларида солиққа оид ҳуқуқбузарликлар (рўйхат бўйича) аниқланганда:

  • биринчи марта огоҳлантириш берилади;
  • огоҳлантиришдан сўнг уч кун муддатда солиққа оид ҳуқуқбузарлик бартараф этилмагани ёки такроран аниқлангани сайёр солиқ текширувини ўтказишга асос бўлади;
  • сайёр солиқ текшируви фақат қарорга 4-иловада келтирилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича амалга оширилади, шунингдек уни текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида амалга оширишга рухсат этилади;
  • сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича расмийлаштирилган далолатнома сайёр солиқ текшируви бўйича қарор қабул қилиш учун асос бўлиб ҳисобланади.

ҚҚСни қайтаришни янги тартиби жорий этилмоқда

2028 йил 1 январга қадар чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари томонидан Давлат бюджетига тўланган ҚҚСнинг 50 фоизини ҳар ойнинг 25 санасига қадар қайтариш тартиби жорий этилади. Бунда ушбу тартиб ишлаб чиқарилган гўшт, сут, парранда гўшти ҳамда тухумни реализация қилишдан тушган умумий тушум жами товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган даромадининг камида 90 фоизини ташкил қиладиган чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига нисбатан татбиқ этилади.

Дори воситаларининг нархини шакллантириш тартиби ўзгармоқда

Чекланган савдо устамалари фақат рецепт билан бериладиган дори воситалари тоифасига нисбатан татбиқ этилади. Бунда маҳаллий ва хорижий дори воситаларига нисбатан амалдаги референт нархни шакллантириш тизими сақлаб қолинади.

Айрим субъектлар учун ижтимоий солиқ ва даромад солиғи миқдори пасайтирилмоқда

2025 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 январгача бўлган даврда қуйидагилар 1 фоиз миқдорида белгиланади:

  • янги ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича кооперативлар учун – ижтимоий солиқ ставкаси;
  • кўрсатилган кооперативларга ишга қабул қилинганлар учун – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси.

Фармацевтика ва тиббий хизматлар ҚҚСга тушади 

Фармацевтика маҳсулотларини реализация қилиш ёки тиббий хизматлар кўрсатиш билан шуғулланувчи юридик шахслар даромадларидан қатъи назар ҚҚС тўловчилари деб эътироф этилади.

Айрим тоифадаги болаларга транспорт хизматларини кўрсатиш бўйича эксперимент бошланади

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий агентлигига 2025 йил 1 апрелдан Тошкент, Андижон ва Самарқандда, 2025 йил охиригача эса республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич транспорт хизмати кўрсатиш бўйича лойиҳани пилот сифатида жорий этиш топширилди.

Лойиҳа доирасида ихтисослаштирилган мактаблар, мактаб-интернатларда таҳсил олаётган кўриш органлари ва таянч-ҳаракат аппарати касалликлари бўлган болаларга транспорт хизматлари кўрсатилади.

«Яшил тарифлар» жорий этилади

Чиқиндиларни утилизация қилиш, шунингдек, шамол ва қуёш манбалари орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси учун «яшил тарифлар«ни жорий этиш режалаштирилмоқда. Бунда:

  • тадбиркорлик субъектлари томонидан чиқиндилар ва биогазни утилизация қилиш орқали ишлаб чиқариладиган, шунингдек, ташкилотлар томонидан ўз ҳудудларида ўрнатилган шамол ва қуёш электр қурилмалари орқали ишлаб чиқариладиган электр энергияси учун;
  • аҳоли томонидан қуёш манбаларидан олинган, истеъмолдан ортиқча қисми давлатга сотиладиган электр энергияси учун имтиёзли тарифлар белгиланади.

Нодавлат сектор етим болаларни парвариш қилишга жалб қилинади

Нодавлат сектор ижтимоий етимликнинг олдини олиш, етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни узоқ муддатли ёки қисқа муддатли асосда парвариш қилиш ва тарбиялаш хизматларини кўрсатиш жараёнига жалб этилади.

Маҳаллаларда оилавий турдаги ихчам болалар уйлари ташкил этилади 

Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида тажриба тариқасида аутсорсинг асосида «Камбағал оилалар реестри»га киритилган боқувчисини йўқотган тўлиқ бўлмаган оилалар, меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлмаган оилалар, икки ва ундан ортиқ аъзоси ногирон бўлган оилаларнинг парваришга муҳтож бўлган аъзоларини кундузги қаровга олиш хизматлари кўрсатилади;

Шунингдек маҳаллаларда оилавий турдаги ихчам болалар уйлари ташкил этилади.

Бундан ташқари, ДХШ асосида махсус таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни кундузги парваришлаш хизматларини – якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахсларга, махсус таълим эҳтиёжлари бўлган болалар, шу жумладан ногирон болаларни кундузги парваришлаш хизматларини – юридик шахсларга кўрсатишга рухсат берилади.

Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги» дастури доирасида абонент тўловини тўлаш бўйича имтиёзлар бекор қилинмоқда 

2025 йил 1 апрелга қадар меҳмонларни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган махсус электрон дастурига («Е-mehmon») уланган хусусий тиббиёт ва соғломлаштириш муассасалари дастлабки олти ойлик абонент тўловини тўлашдан озод этилган эди.

Айрим ҳужжатларнинг қоғоз шакллари бекор қилинмоқда

Ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома ва гувоҳномалар, талабалик гувоҳномалари, ўқувчи гувоҳномалари, уруш қатнашчиси ёки унга тенглаштирилган шахс гувоҳномаларининг қоғоз шакллари бекор қилиниб, уларнинг ўрнига ижтимоий карта жорий этилади.

Оилавий шифокорларни рағбатлантириш тизими жорий этилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

  • тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари (ТИЭК) мутахассисларининг ногиронликни белгилашнинг янги тартиби бўйича малакасини ошириш чораларини кўради;
  • оилавий шифокорларни фуқароларнинг тиббий ҳужжатларини ТИЭКка ўз вақтида ва сифатли юбориш натижаларидан келиб чиқиб рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш тизимини жорий этади.

Тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг ишлаш тартиби ўзгаради

Фуқароларни ТИЭКда кўрикдан ўтказишга юбориш учун зарур бўлган амалдаги даволаниш муддатлари бўйича талаб бекор қилинади, у ҳар бир касалликнинг кечиши ва турига қараб алоҳида белгиланади;

ТИЭКнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси муддатини узайтириш ва махсус жиҳозланган транспорт воситасини бошқаришга яроқлиликни аниқлаш бўйича функциялари тугатилади. Улар давлат тиббиёт муассасаларига ўтказилади;

18 ёшдан катта шахсларга ногиронлик белгиланганда ногиронлик муддати ва сабаблари, тиббий-реабилитация тадбирлари, протез-ортопедия буюмлари ва реабилитациянинг техник воситаларига эҳтиёжи тўғрисидаги маълумотлар ҳар бир аниқ ҳолатдан келиб чиқиб «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида шакллантирилади.

Ягона етказиб берувчиларни реестрга киритишади

Юридик ва жисмоний шахсларни Ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш учун аризалар Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали қабул қилинади.