Жиззахда ҳайдовчи АЁҚШ операторини калтаклади

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилиб, ҳозирда суд тиббий экспертиза тайинланган.

Вилоят ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, шу йилнинг 25 март куни соат 14:00 ларда Шароф Рашидов тумани Нурафшон маҳалласида яшовчи, 1988 йилда туғилган шахс ўзига тегишли “Gentra” русумли транспорт воситасига ёқилғи қуйиш мақсадида Шароф Рашидов тумани Пастки “Сулоқли“ МФЙда жойлашган АЁҚШга келиб, бензин маҳсулоти учун тўлов қилган.

Маълумотларга кўра, оператор Шароф Рашидов тумани “Янгидиёр“ МФЙда яшовчи, 1983 йилда туғилган фуқаро ёқилғи қуйиб бўлгач, автомобилнинг ёқилғи идиши қопқоғини ёпмаган.

Шу сабабли “Gentra” авто транспорт воситасининг эгаси унга “Нима сабабдан қопқоғини ёпмадинг?” деб эътироз билдирган ва турли ҳақоратли сўзлар айтиб, унни уриб, тепиб тан жароҳати етказган.