Рамазон ҳайити арафасида 488 нафар маҳкумни афв қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 488 нафар шахс афв этилди.

Қайд этилишича, афв этилган шахсларнинг 100 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилган, 268 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 34 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган. Шунингдек, 86 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилган.

Афв этилганларнинг 17 нафарини чет эл фуқаролари, 37 нафарини аёл, 37 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 167 нафарини ёшлар (шулардан, 1 нафари вояга етмаган) ҳамда 5 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

“Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди”, дейилади хабарда.