Австралиялик аёлни чақмоқ ургандан кейин кўзларининг ранги ўзгарди

Австралиянинг Квинсленд штатида яшовчи 30 ёшли Карли Электрик чақмоқ зарбасини бошидан кечирди ва ундан кейин кўзларининг ранги ўзгарди.

2023 йил декабрь ойида у момақалдироқ пайтида кўчада югуриб юрган вақтда, чақмоқ унинг бошига урилди. Карлининг сўзларига кўра, у ҳар доим чақмоқларга қизиққан ва ҳатто танасига учта чақмоқ тасвири туширилган татуировка чиздирган.

Карли уйига етиб бориб, ойнага қараганида, унинг кўз қорачиғи ҳаддан ташқари кенгайганини пайқаган. Унинг боши айланиб, тана ҳарорати кескин ошган ва у ғалати эйфория ҳис қилган. Бироз вақт ўтгач, унинг танаси фалаж бўлиб, қўшниси тез ёрдам чақирган. Шифокорлар келганида, унинг қўл-оёқлари кўкариб, фақат бошини ҳаракатлантира оларди. Фалаж тўққиз соат давом этган, кейин Карли ўзини яхши ҳис қила бошлаган ва икки ҳафта ичида соғлиғи деярли тўлиқ тикланган.

Бироқ чақмоқ унинг ҳаётига ўз таъсирини қолдирди. Карлининг кўз ранги яшилдан қаҳварангга айланди. Шунингдек, у бош қисмида доимий оғриқ ҳис қилади, шу боис эҳтиёткорлик билан соч тарашга мажбур.