Шавкат Мирзиёев яна Украина ва Фаластин атрофидаги вазиятга тўхталди

Президент Тошкентда ўтаётган Парламентлараро иттифоқ ялпи мажлисида нутқ сўзлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси ялпи мажлисида иштирок этмоқда.

“Мен ҳам 15 йил давомида парламент аъзоси бўлганман. Дунёни тинч-осойишта, жамиятларни янада фаровон қилишга қаратилган олижаноб фаолиятингиз нақадар масъулиятли эканини яхши биламан ва тушунаман.

Сизлар – бамисоли халқларни бир-бирига боғловчи мустаҳкам дўстлик кўпригисиз. Сизлар – одамларнинг дарду ташвиши ва муаммоларини энг қуйи тизимдан бошлаб, керак бўлса, минтақавий ва халқаро миқёсга олиб чиқишга, уларга самарали ечим топишга қодир бўлган қудратли кучсизлар”, – деди Президент ўз нутқида.

Мирзиёев ўз нутқида Украина ва Фаластин масаласига ҳам эътибор қаратди.

«Умид қиламизки, Украина атрофидаги вазият бўйича бошланган музокаралар жараёни ўзининг ижобий натижасини албатта беради.

Энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низоми ва резолюциялари асосида ечим топиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Жумладан, Фаластин – Исроил низосининг ягона ва адолатли ечими “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини рўёбга чиқаришдан иборатдир.

Бизга қўшни бўлган Афғонистон ҳақида тўхталиб ўтмаслик мумкин эмас. Ушбу мамлакатнинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, амалдаги ҳукумат билан конструктив мулоқот ўрнатиш, Афғонистонга Марказий Осиё минтақасининг ажралмас қисми ва янги имкониятлар макони сифатида қараш лозим, деб ҳисоблаймиз. Бу борада парламентларнинг кўмагига ишонамиз», деди президент.

Маълумот учун, Парламентлараро иттифоқ ўз сафида 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий уюшмани бирлаштирган бўлиб, ялпи мажлиси илк марта Марказий Осиё минтақасида – Тошкент шаҳрида бўлиб ўтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президент Самарқандда ўтган ЕИ билан саммитда ҳам Украина ҳақида гапирганди.