Менга рак(саратон) касаллиги ташхисини қўйган врач зудлик билан даволаниш чорасини кўришимни айтди. Агар вақтни ғанимат билиб ҳаракат қилсам, бу касалликдан соғайиб кетишга умид қилиш мумкин экан. Акс ҳолда ҳар бир ўтаётган сония ўлим томон бориши ҳақида огоҳлантирди.
Кутилмаган бу хабардан нафақат мен, балки бутун оиламиздагилар ўзимизни буткул йўқотиб қўйдик. Ваҳима, қўрқув ва хавотирларимизни жиловлаб даволанишни бошлагунимизча ҳам анча вақт йўқотдик.
Биз икки танлов орасида қолдик. Онкология бўйича шифохонада ётиб химия терапия олиш ёки табибга учраб ҳар хил гиёҳлар ёрдамида даволаниш.
Мен шифохонада химия терапия олиб даволанишга қарор қилдим. Республика онкологияга бориб жойлашганимда бўлимдаги беморларнинг юзлари сўлғин, нигоҳлари маъюс, бошлари тақир кал эди. Ҳамма бир-бирига ҳурмат кўрсатар, меҳр бериб самимий муносабатда бўларди(сабаби уларнинг аксарияти ўлимини бўйнига олиб бўлган. Дунёда инсондан фақатгина яхши сўз, яхши амал, яхши ном ва меҳр-муҳаббат қолишини аллақачон англаб етгандилар, жумладан, мен ҳам).
Анализ натижаларидан келиб чиқиб врачлар тўрт курс кучайтирилган химия терапия ёзди. Шундай қилиб ҳар йигирма бир кунда етти кун давомида, етти соатдан осма укол ёрдамида химияни томирим орқали бутун организмга юборадиган бўлди.
Уйғур миллатига мансуб ҳамшира Оля опа ҳар куни эрталаб 800 граммлик саккиз-тўққизта идишда химиявий моддалар қўшилган дори тайёрлаб, осма уколни томиримга улайди ва кун давомида химиянинг қонга кетишини ва менинг ҳолатимни назорат қилади. Кечки соат беш-олтига бориб осма уколлар тугайди. Бошидаку унчалик билинмади, лекин учинчи-тўртинчи кунларга бориб уйқу ҳам, иштаҳа ҳам йўқолди, батамом қувватсизланиб ҳолдан тойиб қолдим.
Дўхтирлар қувват олишинг керак. Иштаҳанг хоҳлаган нарсани егин дейди. Қани энди бу иштаҳа деганлари ниманидир тусай қолса. Лоақал бир қошиқ овқатни ҳам малол билан қабул қилади. Озгина меъёрдан ошдими ошқозоним «жазолайди». Бора-бора сувни ютиш ҳам машаққат бўлиб қолди. Карахт бир аҳволда тентираб юришни айтмаганда, одам зоти тўрт-беш кун туз тотмай, мижжа қоқмай ҳам яшаши мумкин экан. Бунга ўз тақдирим мисолида амин бўлдим.
Биринчи курс химиядан кейин сочларим шовуллаб тўкилиб бошим тақир калга айланди. Кипригим ва қошларимгача мени тарк этди. Кўз ўнгингда дод-фарёд чекиб азобланаётган беморлар, касаллиги кучайиб кетиб даводан умид узиб уйига қайтаётганларни кўриб юракда ваҳима, қалбда қўрқув ортарди.
Буни сезган дўстлар, яқинлар меҳр кўрсатар, келажакдаги яхши кунлар ҳақида гапириб мени ҳаётга, яшаб қолишга руҳлантирарди. Ўша лаҳзаларда ҳаётнинг нақадар ширин, тириклик қанчалик улкан бахт эканлигини ич-ичимдан ҳис этиб, яшаб қолишим учун Яратгандан имкон беришини сўраб тун-кун истиғфорлар айтиб, худога ёлвориб дуолар қилардим.
Босқичма-босқич давом этаётган химиянинг таъсирида қон томирларим куйиб, ипдек ингичкалашиб қолди. Ҳамширалар ичида энг қўли енгил деб билганим Оля опа ҳам энди уч-тўрт уринишда томиримга тушар, кўп ўтмай томирларим ёрилиб, химия этнинг орасига кетиб қоларди. Ваҳимага тушган Оля опани тинчлантириш учун ўзимни хотиржам тутардим. Оля опа узр сўраб илма тешик бўлиб кетган баданимга яна эҳтиёткорлик билан нина санчарди. Шундай қилиб, ўй-хавотир, қўрқув ваҳима, умид-ишонч билан тўрт курс химия терапияни олиб тугатдим. «Дарднинг келиши осону кетиши қийин» деганларидек даволаниш жараёни мен кутгандан узоқ давом этди. Лекин шу ўтган даврдан ҳам яхши хотиралар қолди.
Бу касалликни фақат кучли ирода, тетик руҳият ва доимий яхши кайфият билан енгиш мумкин. Шунга ҳаракат қилардик. 8-мартни шифохонадаги йигитлар пул йиғиб ниҳоятда ажойиб байрам ташкил қилдик. Курсдошим Азиз Алижонов аёлларнинг ҳар бирини нома-ном айтиб, уларга бағишланган табригимизни радиода ўқиб эшиттирди. Совғасига хонанда Шаҳриёрнинг «Хаста бўлма жоним адо бўламан…» қўшиғини қўйиб эшитирди. Кейин ўзимиз олган совғаларни улашдик. Концерт ташкил қилиб ҳаммани рақсга таклиф қилдик. Ўйин-кулги бўлди. Ҳамма ўзича хурсанд. Бурчак-бурчакларда йиғлаганлар ҳам бўлди…
Дўхтдирлар химия терапия ёрдамида организмдаги ўсимтани куйдириб юборишни айтганди. Афсуски ундай бўлиб чиқмади. Химия ёрдамида бир жойга тўпланган ўсмаларни операция қилиб олиб ташлаш кераклигини айтди. Врачлар бу катта операция, уни ҳар ким ҳам қилолмайди иложини қилолсаларинг Туркияга боринглар деган таклифни берди.
Ўзи шундоқ ҳам саккиз ойдан бери химия ва укол дориларни отнинг калласидек нархга олавериб, пулдан тинкамиз қуриб кетганди. Шунинг учун Туркияга бориш ҳақида ўйлашнинг сира иложи йўқ. Ёрдам сўрай десанг ҳамманинг ташвиши ўзига етарли. Ўзи шундоқ ҳам шу кунгача текширувлар, уларнинг натижалари, укол, дори-дармонларга озмунча пул кетдими? Таниш-билишлардан ёрдам қўлини чўзганлар ҳам бўлди. Айниқса курсдошим Саидбобур эртаю кеч жон койитиб, кўп ҳаракат қилди, жуда қайғурди. Шу кунгача аксарият харажатлар акамнинг гарданида бўлганлиги учун ҳам ундан ёрдам кутгулигим қолмаганди. Лекин яхшиям онам бахтимга акамни туққан экан яна жонимга ора кирди. Харажатни ўйлама ука муҳими соғайиб кетсанг бўлди, шу ҳақида ўйлашинг керак дея яна харажатларни зиммасига олди.
Суриштириб билсак бунақа катта операцияни Республика Онкологиянинг бош врачи Тиллашайхов деган киши муваффақиятли қила олиши мумкин экан. У кишининг операциясига ёзилишнинг эса ўзи эмас. Ўйлаб-ўйлаб аёлимнинг каттароқ лавозимда ишлайдиган бир таниш опасига илтимос қиладиган бўлдик. Бориб масаламизни айтгандик ўша заҳоти Тиллашайховга телефон қилиб, ишимизни ҳал қилиб берди.
Ғам-ташвишдан кўриниши бир аҳвол бўлиб қолган аёлимнинг ёниб-куйиб ҳаракат қилаётганини кузатиб, унга ҳам ачиниб кетдим. (ўша кунги уни қадрлаш ҳақидаги ниятимни аввалроқ «ГУЛ» ҳикоямда ёзгандим).
Эртаси куни Тиллашайхов операциядан бўшамади. Бизлар эр-хотин иккаламиз кун бўйи фақат яхши нарсалар ҳақида гаплашдик. Яхши орзулар қилдик. Кунимиз жуда мазмунли ўтди. Кейинги кун тонг отиши билан худога ният қилиб, яна йўлга отландик. Хайриятки, ўша куни қабул қилди. Анализ натижасига қараб пешонаси тиришиб ўйланиб қолди. Анча жиддий экан. Кўп қон кетиши мумкин дея менга хонасидан чиқиб туришимни айтди ва қолган гапларини аёлимга тушунтирди.
Мен бўлсам худди операциядан қайтиб чиқмайдигандек қўрқиб кетдим. Кетар олдидан яна кириб умид ва илтижо билан юзланиб яшаб кетаманми, ўлим хавфи қанчалик юқори деб сўрадим. Врач аввал биз қоринни ёриб асл ҳолатни кўришимиз керак. Ҳаммаси операциядан кейин аниқ бўлади дея мавҳум жавоб берди. Қўл-оёғим бўшашиб карахт бўлиб қолдим. Даҳшатли қўрқувдан юрагим музлаб кетди. Миямда шафқатсиз бир савол айланарди. Бу дунёдаги сафарим нахотки охирлаб қолган бўлса, яшаш учун берилган муддат шунчалик қисқами, мен кутган буюк келажак, буюк орзулар ҳамма-ҳаммаси шу ергача, шу бугунги кунгача бўлса? Бутун инсониятни қўрқувга соладиган бу дард тақдирнинг устидан ғолиб келган бўлса? Иродам ожизланиб, қаддим букилиб, руҳиятим синиб умидсизликка тушиб қолдим.
Операциядан бир кун олдин кун бўйи ўй-хаёлларим, савол-сўроқларим, хавотир-хулосаларим билан юрдим. Кечга рухсат олиб уйга бордим.
Ўша куни тун буйи ўғлим билан ўйнадим. Унга бор меҳримни бердим у менга ортиғи билан бахт қилиб қайтарди. Менга қўшилиб онам, аёлим, ўғлим ҳам ухламади. Ҳаммамизнинг кўнглимиздаги ягона мақсад бир-биримизнинг дийдоримизга тўйиб олиш эди. Ҳузурланиб суҳбатлашдик. Аввало ўғлим кейин эса кўзларида тўла умид бўлган яқинларим учун ҳам яшашим, тирик қолишим керак дейман. Лекин қани эди бу менга боғлиқ бўлса?
Эрта тонг уйдан чиқаётганимда онам чидаб туролмай йиғлаб юборди. Аёлим ўзини зўрға тийиб турибди. Ўғлим бу сафар йиғлаб қолди. Ичимдан бир нарса узилди. Наҳотки у ниманидир сезаётган бўлса. Айтишади-ку боланинг кўнгли сезгир бўлади деб.
Шифохонага бориб ётиб ўйладим. Агар операциядан яхши чиқмайдиган бўлсам-чи?! Мендан кейин яқинларимнинг ҳоли нима кечаркин? Вақт ҳамма нарсага даво. Ҳаммаси турмуш ташвишлари билан андармон бўлиб Яратганнинг тақдири эканда дея кўникади, куникмаган, кўнмаган борми? Лекин йиллаб кутиб фарзандсизлик сабаб биринчи турмушини бой берган, кўз ёшларини сел қилиб худодан тилаб-тилаб иккинчи турмушидан мени дунёга келтирган онамнинг ҳоли нима кечаркин? Ҳали икки ёшга тўлиб улгурмаган ўғлимники-чи? Ўғлим туғилгач «меҳр кўришдан кўра, меҳр бериш» ортиқроқ бахт эканлиги ҳис қилиб яшаётган бахтли ота эдим. Унинг болалик хотираларининг қайсидир нуқтасида менинг қиёфам сақланиб қолармикан? Улғайгач мени эслолармикан? Саволлар кўп…
Абдулла Орипов «Менсиз ҳам мукаммал экан бу олам, Менсиз ҳам бахтга ёр экан одамзод» деганда қанчалик ҳақ эди? Аслида мендан кейин ҳам дунё саҳнида ҳеч нарса ўзгармайди. Дарёлар оқиши, шамолларнинг эсиши, баҳордаги япроқнинг кузда хазон бўлиши, ҳамма-ҳаммаси ўз ҳолича давом этаверади. Фақат мен бўлмайман ҳаёт эса давом этаверади…
Инсон ҳаётга келарканки, ўзидан яхши ном, яхши бир из қолдирсам дейди лекин унга улгуриб қолиш учун кимга қанча муддат берилгани ёлғиз яратганга аён. Биз ғофил бандалар буни қанчалик вақтида англаб етяпмиз ёки йўқ. Англамасдан ғафлатда ўтиб кетганлар қанча?!
Операцияга киришдан олдин кўнглим тоғдек кўтарилди. Барака топишсин курсдошларим мадад бўлгани келишибди. Оиламдагилар дўстларим, яқинларим билан хайр-хўшлашиб операцияга кирдим. Наркознинг уколи шунақанги катта экан, умримда биринчи бор кўришим эди. Қўрқиб кетдим. Елкамдан укол қилиб катта томиримга тушди. Шу жараён ҳам қийин бўлди.
Наркоз таъсир қилган инсон бутунлай оғриқларни сезмаслиги керак менимча, лекин мен танамда бўлаётган барча жараёнларни билиб, оғриқларни сезиб, дўхтирларнинг суҳбатларини узуқ-юлуқ эшитиб ётдим. Фақат ҳаракатларим бутунлай чекланди. Ҳаттоки врачлардан бири наркоз таъсири тарқаяптими деб кўзимни очиб қараганда қорачиғини қимирлатиб ҳам қўёлмадим. Мирзағолиб Тиллашайхов, Шерали Ҳасанов ва Раъно Тиллашайховалар бошчилигида хавотирли операция омадли якунланди.
Яратганга шукр. Кучли оғриқларни айтмаганда операциядан яхши чиқдим.
Бир сутка жонлантириш бўлимида ётдим. Эртаси куни тонгда гарчанд мумкин бўлмаса ҳам онам ва ўғлимни киришига рухсат берибди. Наркознинг таъсирида карахтман. Ўғлимни озгина эркаладим. Онам жуда яхши кайфиятда эди. Ўлмай қолганим учун худога шукрлар айтиб тўхтамасди…
Бугун бу воқеаларнинг ортда қолганига ҳам беш йилдан ошиб кетди. Аллоҳим ўзинга беҳисоб шукр.
Хулосаларим: азиз умрини шамолларга совуриб, ҳаётни қадрламай, тириклик мақсадини англамай, имкониятлардан фойдаланмай ўзини хор-абгор қилиб, шунга кўниб яшаб ўтаётганлар тақдирлар учун ачиндим.
Ўзимга насиҳатим: Чин яша, рост яша, ёлғонлардан, сохталиклардан ҳоли яша. Ҳалол бўлиб, яқинларингни қадрлаб, вазифангни севиб, масъулият билан бажариб, қалбингни поклаб, одамларга яхшилик қилиб, меҳр бериб, ҳар лаҳзадан завқланиб яшаёлсангина демак умринг бехуда ўтмабди.
Қалбингизни орзуларга тўлдиринг, шунда ёмонликларга жой қолмайди. Аслида ўша буюк орзулар мени бу бедаво дард чангалидан суғуриб олди…
Завқиддин Насимов